avatar
Куч
313.86
Рейтинг
+120.31

Usmonov Dishrux Amanovich

Мақолалар

SHAHAR SHOVQINIDAN QOCHIB...

TANQID-KELAJAK MEVASI
Шовқинкор шаҳарда ишга кўмилсангиз, зерикиш нима эканлигини ҳам унутиб юборасиз. Ёнингизда бир ажойиб суҳбатдошингиз бўлса, ишингиз янада унумдор, фикрингиз кўчани бор бўй-басти билан кўрсатиб турган ойнадек тиниқ тортади. Бироқ, машиналар тиним билмай қатнаётган шаҳар кўчаларида эзилиб ҳазин ёмғир севалаб турса-чи?!..
Бунда устоз журналистлар Аннақул Жаббор ҳамда Маҳмуд Абулфайзлар сингари хаёлан мафтункор гўшаларга, виқорли тоғларга, шаҳардан олисларга кетган бўлардингиз ё… Ва ёки Сирожиддин Иброҳим каби айтардингиз (агар феълингиз бизга яқин бўлса):
—Хуршид ака, Зарабоғда Наврўз бир ажойиб бўлади-да, одамлар ям-яшил адирда йиғилади. Зарабоғнинг ҳавосини айтмайсизми, булоқларини… Момомни соғиндим… Жиянимнинг қуён ушлаб тушган расмини кўрганмисиз?!
—Йўқ, қайси, — дейман Сирожиддиннинг самимий ва соғинч уфуриб турган сўзларидан шодланиб. Унинг ёнига келаман, у ишлаб турган компьютер экранида эса суратлар.
—Мана бу сув кориздан келаяпти…
—Кориз нима?
—Борсак, кўрсатаман, мана бу толларни мен экканман, мана бу бизнинг эски уйимиз, буниси эса мен ётиб Мансур бобом (отасининг энг катта акаси)дан эртак тинглаган чайла, мана буниси эса…
Сирожиддин суратларни ўтказаверади. У хотираларга чўмади, менда эса Зарабоғни кўриш хоҳиши уйғонади.
—Наврўзда Зарабоғга борамизми?! Алижон (Мадиев)га айтамиз, Абдувожиб (Гулов)ни олсак, Абдурасул (устоз Аннақул Жабборовнинг кенжа ўғли) билан Аъзам (устоз Маҳмуд Абулфайзнинг ўғли)ни ҳам олиб…
—Зўр бўларди, — фикримни ўқигандек туюлган Сирожиддиннинг гапини бўламан-қувониб боқаман.
* * *
Ўша кунги суҳбат қарори, таклиф этилганлар розилигини олибмиз-у, ишда муҳарриримиздан рухсат сўраш ёддан кўтарилибди. Устоз Исроил Шомиров эртанги тадбирлар дея бизга вазифалар бўлиб бера бошлаганда зиммамиздаги масъулиятни ҳис этамиз. Зарабоғга кетмоқчи эканимизни эшитгач, устоз жим тинглайди, газетанинг заҳматли меҳнатини, ёлғиз ишлаш ва бизсизлик қисматини икки кунга бўйнига оладилар – карамлилик қиладилар. Биз эса хурсандмиз, эртасига Зарабоғ томон отланишимизни ўйлаган сари қувончимиз ичимизга сиғмайди. Режалар туза бошлаймиз…
* * *
20 март. Термиз автошоҳбекатида Сирожиддин ҳамда Абдурасул мени кутиб олди. Алижон ва Абдувожибдан дарак кутиб, илҳақланамиз. Аъзамнинг дарслари борлик қилиб, саёҳатдан қолган бўлса, ўша куни яна бир шаҳар шовқинидан қочган Фаррух исмли йигит ҳам бизнинг сафаримизда йўлдош бўлишини билдик. Олти киши бўлганимизни билиб ҳам нархи бичилса, ўнта бўлсак-да машинасида манзилга элтишга шай, юраги отнинг калласидек такси ҳайдовчисидан узоқлашарканмиз, кулгу ҳамроҳимиз бўлади. Йўналишли машинада кетишни режалаштирамиз…
Сирожиддин гоҳ қўнғироқлашар, гоҳ қолган ҳамсафарлар қачон келиши-ю қайси машинадан тушишини кузатиб беҳаловат бўлади. Абдурасул иккимиз эса уни бир четда кузатиб турамиз. Учовлон (Алижон, Абдувожиб ва Фаррух) етиб келгач, қуюқ саломлашамиз. Тўғри Шерободга кетиш учун ўтирган машинамиз нархидан бутун йўловчилар норози бўлиб, туша бошлагач, биз ҳам аввал Ангор, сўнгра Шеробод ва Зарабоғ йўналишида йўлга отланамиз. Янги танишимиз Фаррух билан Сирожиддин танишув суҳбатини ўтказади. Алижон кўзларини юмади-ю, бор эътиборини қулоқчинида янграётган куйга қаратади. Абдувожиб эса жим, мен «Сурхон ёшлари» анкетаси»га жавоб олаётган Сирожиддин ва Фаррух суҳбатини тинглайман, Абдурасул ўз сўровномасига ангорлик қиздан жавоб олмоқчи бўлади, суҳбатга тортади.
Ангорга келиб, машинани ўзгартирамиз. Шерободга кетар уловимиз тўлгунча деб гитарани сайратамиз. Томоғи битиб қолган Абдувожиб мусиқа чаларкан, Алижон қўшиқ куйлайди:
Ўртамизда хафалик бор,
Узр айтиб сенга юз бор…
Нафақат биз, автоулов ичидагилар ҳам бу қўшиқ ва моҳирона ижродан мароқ оламиз. ”Яна битта, яна битта”лар ва унга мусиқий жавоблардан сўнг йўлга тушамиз…
Фотосессиялар, уйқу, табиатдан баҳраманд бўлишлар ва уйғоқларнинг суҳбатлари билан Шерободга ҳам етиб келамиз.
* * *
Байрам арафаси бўлгани учунми, Зарабоғга кетар машиналар деярли йўқ экан. Ёмғир ёҚиб ўтган Шерободда машина кутамиз. Лўли аёл билан гап сотишиб олгач, Абдувожиб билан Фаррухнинг сирли суҳбатига гувоҳ бўламиз. Э, машина келиб қолди, нархи ҳам чўнтакка мос. Уларнинг сирли суҳбатлари ҳақда кейинроқ гаплашармиз.
* * *
Минглаб йилларнинг тоғ-тошлар юзида қолдирган йўл-йўл излари, ўйдим-чуқур манзаралар, қўл етгулик кўринаётган ям-яшил тепаликлар, кўм-кўк осмон, тоза ҳаво, машина салонига югуриб кирган бебош шамолнинг совуққина нафаси… Бундай таърифлаганим билан мен бу йўлнинг гўзаллигини, ўша ҳиссиётни тўла тавсиф эта олмаслигимни биламан. Бироқ, Сиз ҳам Зарабоғ томон йўл олар экансиз, мени тушунасиз, барчасини ўзингиз ҳис этасиз…
* * *
—Шу ерда тўхтанг, келдик.
Бу гапни эшитамиз-у, барчамиз аввалроқ Сирожиддин кўрсатган суратлардаги манзараларни излай бошлаймиз: ”Сой қаерда экан, темир қувурлардан тикланган кўприклар-чи?! Сирожиддин ”олтин излаб қазиган” кичик ўрачалар, катта бобосининг уйи қайси томонда экан?!”
Машинадан узоқлашамиз, сўқмоқ йўлда кетаётиб, манзараларни таний бошлаймиз. Ана ўша кориздан бошланиб оқиб келаётган сув, чап томонда силкиниб турувчи темир қувурли кўприк, Сирожиддинларнинг пастак девор билан ўралган эски уйи. Барчаси ўша суратлардагидай, ўзгармаган.
Ям-яшил далалар, сап-сариқ баҳор гуллари, тошлари бўртиб-бўртиб турган қияликдан сойга қараб югуриб тушамиз. Йўл бўйи сотиб олинган тухумларнинг нечтаси синаркан, дея синовдан ўтказиб келган Абдурасул, дуторини елкасига илган Алижонгина бу пойгада ортда қолди – суратга тушиш, айнан селфи (ўзини ўзи суратга олиш) борасида эса унга етадигани бўлмади.
Сойдан ўтиб, Сирожиддиннинг болалиги ўтган уйга етгунча (аслида 200-300 метр чиқади) йўлда 200-300 тача сурат тушилди. Томорқасида ишлаётган Зафар ака ва Зулфия янга (Сирожиддиннинг амакиси ва янгаси), Шахбоз, Шабнам ва Аббос (уларнинг фарзандлари) билан (бу исмларни кечга яқин, аллақачон ўзимизни ўз уйимиздагидай ҳис этиб бошлаганимизда билиб олдик) саломлашдик, уларнинг самимийлигини, меҳмоннавозлигини ўша лаҳзадаёқ ҳис этдик.
Сирожиддиннинг момоси ётган хонага ошиқаётганлигини сезиб турардим, чунки у Зарабоғдан ҳам, бу ердаги байрам тантаналаридан ҳам кўпроқ момосини кўришни истаётган эди. Мен ҳам у кишини кўришга иштиёқманд эдим. Саломлашдик, бироз суҳбатлашдик, ўша ”Содиқ қолган болалик” (муаллифи Сирожиддин Иброҳим) мақоласидаги Болтажон Содиқов билан бўлган воқеани ўзларидан эшитдик. Алижон момога дуторда мумтоз куйлардан чалиб берди. Момомиз эса Алижонни ҳам, бизни ҳам узундан узоқ дуо қилдилар. Кулганида кўзларига ёш тўпланган самимий момони Абдурасул хориждан қайтгунича дийдорни қиёматга қолдириб кетган ўз момосига ўхшатаркан, тушунганим – юзидан нур ёҚилиб турган кексаларнинг борлиги ҳаётимизни-да нурли этаркан. У кишининг ўйчан нигоҳлари менга ҳам момомни эслатди…
* * *
Латифалари, ҳазиломуз гаплари билан барчамизнинг кўнглимиздан жой олган кичкинтой Аббос Абдурасул билан жуда чиқишиб қолди. Сирожиддиннинг ”Дарс қилмайсанми?” дея берган саволига: ”Класкомлар ўқимайди, чунки улар ҳамма балони билади” деб жавоб берган Аббос ҳақиқатан ҳам аъло баҳоларда ўқиркан. Француз тилини ўрганаётган бошланғич синф ўқувчиси Сирожиддиннинг ҳозир ҳеч кимга кўрсатмай яшириб юрадиган, ўқувчилик йилларида чиққан ”Зарабоғда милтирар чироқ” китобидан шеърларини ёддан айтиб берганида, шаҳардан китоб олиб келишни сўраганини билганимда, англадимки, унинг келажаги ёрқин бўлади. Чунки унинг ёшидаги мен билган болакайлар китоб эмас, ”Жумонгнинг қиличи”-ю ”Ўргимчак одамнинг ниқоби”ни ва яна …ларни сўрарди, аниқ.
Ҳовлидаги барча жойдан бохабар бўлдик, бир-бирига чирмашиб кетган узум ва ўрик шохига ниқталган чайлада туриб Сирожиддиннинг бу жойларни нега соғинишини, болалиги ўтган бу масканнинг нақадар илҳомбахш эканини тушунгандек бўлдим. Унинг Мансур бобоси ҳаёт бўлганда-ю эртак айтганда шу чайлада ўтириб эртак эшитишнинг мароғини туюшни истадим. Сирожиддин ҳам бу дамларни қўмсаса керак… Қўмсаши аниқ!
* * *
”Коризни кўрсатаман” деган Сирожиддин ваъдасида турди. 9-10 (эҳтимол ундан ҳам чуқур) метр ер остидан оқиб бораётган сувни кўриб тушундимки, на Фаррух ва Абдувожиб, на Алижон билан Абдурасул бунақасини кўрмагандик. Қизиқиш устун келиб ўшанча чуқурликка тушиб кўрдик, сувидан ичиб, муздай сувда сузиб юрган кичик балиқчаларни кўрсатиб, бир-биримизга ”кўзларимиз ўткирлиги”ни ошкора намоён этаётганимизда Шахбоз катта-катта балиқлари бор булоқ ҳақда сўз очиб қолди (Шахбоз мени унчалик хушламаган бўлса-да, кузатувларимдан бебаҳра қолмади. Аббос билан ака-ука бўлса ҳам анча фарқи сезиладиган бу боланинг қайсидир жиҳатлари Сирожиддинга ўхшашини туйдим). Яна келган йўлимизни ўзимиз иштирок этган кадрлари бор суратларда муҳрлаб ортга қайтдик. Уйдан гитарани олиб, айтилган манзилга ошиқдик. Ишонасизми-йўқми, ЗарабоҚда ҳар қадамингизда гўзал манзара, эътибортортар манзиллар экан. Қадимий дарвозалар, лойсувоқ томлар, пахса деворларнинг ўзиёқ кўз ўрганмаган гўзалликдан кўзларингизни қамаштиради.

* * *
Булоқда тутиб ҳам, еб ҳам бўлмайдиган балиқлар сузиб юрарди. Уч киши қўлларини тутганча ўлчаса ҳажмга эга кекса ёнғоқ дарахти ҳовузни ўз илдизлари билан ўраб олган экан. Тупроқ юзасига чиқиб қолган қалин илдизларда ўтириб мусиқа тингладик. Абдувожиб бўғиқ овози билан бўлса ҳам қўшиқ куйлаб дилимизни чоғ этди. Талабларга биноан Алижон яна ”Ялла” гуруҳи репертуарига мурожаат этди:
Ўрмонларга қўнар оқшом…
Эҳ, қанийди, сиз ҳам шу ерда бўлсангиз, бу дамларни, шу ҳиссиётни ўзингиз ҳис этсангиз. Буларни таърифлашга энг яхши журналист ҳам (мен-ку мен) сўз тополмай, ожиз қолади.
* * *
Фаррух ва Алижон табиатдан баҳра олиш асносида ижтимоий тармоқлар учун янги албомлар ҳозирлаётган бир пайтда Абдувожиб эшак минишни ихтиёр этди. Бутун қишлоққа ярим кунда овоза бўлган, эшак устида бақириб юрган шаҳарлик йигитни зарабоғлик қизлар ҳам қўрқув, ҳам ҳайрат аралаш кузатишибди. Биз эса кечга яқин дастурхон атрофида унинг келишини кутардик. Сирожиддин ундан хавотирланиб, излаб кетди. Абдувожиб қайтганда шом тушиб қолганди. Овқатланиб бўлгач, бекор ўтирмаслик, чарчоқларни чиқариш учун жамоавий ўйинларга чоғландик:
”…Ҳамма кўзларини юмсин. Фақат ”овчилар” кўзларини очиб, бир-бири билан танишиб олсинлар…”
* * *
21 март. Тонгги сабо билан қувлашмачоқ ўйнаётган сой суви тошларни уйғотиб юзларини юваётгандай. Ўаво совуқ, бироқ ёқимли. Айниқса, Сирожиддинни адабиётга ошно этган чайла устида Зарабоғнинг сара теграсига маҳлиё бўлсангиз. Ҳув анави оппоқ қорлари қора булутларга тегай-тегай деб турган тоғларни қаранг, ё бўлмасам, бугун Наврўз шодиёналари бўлиб ўтадиган ям-яшил адирларга нигоҳингиз қаратинг… Аллақачон тонгларни қуёшдан олдин кутиб оладиган зарабоғликлар йиғила бошлаган. Бир-бирига ҳавасманд кўкка бўйлаётган варракларининг юксалишидан шодланаётган болалар ҳам аллақачон Наврўз сайрида ҳозирдир. Бизнинг шаҳарлик меҳмонлар-чи, дейсизми, кеча алламаҳалгача ”овчини излаган” йигитлар қанча саъй-ҳаракатлар билан зўрға ёстиқдан ажралдилар…
* * *
Ҳақиқатан, Наврўз Зарабоғда чинакам ўзгача нишонланаркан, кекса отахонлар бош-қош бўлган курашлар дейсизми, байрам тадбири, рангоранг атласлар, миллий либослар, байрам шукуҳи… Ўйноқи сурхонча оҳанглар, адирлар бўйлаб садо бераётгандек, тинч ва осойишта заминда, хотиржам кўнгиллар ҳис этаётган шодликни қандай изоҳлаш мумкин. Баҳорий тенгкунликнинг Зарабоғга ташрифи энтикиш, соғинишлар билан кутиб олинаркан.
Бу ерда барча боладек, барча самимий, барча дилкаш. Болалигимиз қўзиб, зарабоғлик Беҳрузжоннинг варрагини Абдувожиб билан бирга учирарканмиз, Алижон ва Фаррух тепаликка кўтарилиб кетишган, Сирожиддин яқинлари билан дийдорлашар, Абдурасул Шахбоз билан томошага чоғланишганди.
* * *
Гўжа оши (кўча оши) тайёрлашга киришдик. Буғдой тозалашда, уни ўғирда туйишда ҳам бир-биримизга ҳавас билан навбатма-навбат ишга шўнғирдик. Эшак минишлар, буғдой тозалаш, ўғирда туйиш, ҳаттоки адирларга чиқишлар ҳам баъзиларимиз учун биринчи марта экан. Шу боис ҳам Зарабоғ сафари биз учун мароқли, қизиқ, эсда қоларли бўлаётганди…
* * *
Туяси билан кичикроқ булоқда чўкиб кетган бир гўзал қизни кейинроқ қадим Ўкузда кўришганини айтишса, ишонармидингиз?! Мен ишондим, бу ердаги халқ ишонади. Менимча дейман-у, Сирожиддин билан бу борада ҳам фикримиз бир хил бўлади:
”Демак, туяда бир гап бўлган. Айтишларича, туя кейин йигитга айланиб, ўша қизга уйланади. Қизни олиб қочиб кетиш учун ҳам шу булоққа келтирган шекилли…”
Зулфия янганинг айтишича, бу булоқнинг сирига қизиққан қишлоқлик эркаклар булоққа тушиб кўришади. Сувга кирган одамни кичик булоқ торта бошлайди. Базўр чиқариб олишади. Бу ҳам бир синоат-да! Нима дедингиз?!
Бу ерни бежизга ”Штурхўр” дейишмайди. Туяни ютган булоқ инсон ўлимига эмас, бир ишқнинг Худонинг қудрати билан яшаб қолишига сабаб бўлгани, бу ерда эмин-эркин сузиб юрган чиройли балиқлари афсонасифат воқеанинг бўлиб ўтганига бизни ишонтиради. Кичкинтой (биз Аббосни шундай атай бошлагандик) нинг таъбири билан айтганда балиқларнинг ўз номи бор: ”белидан илон тишлаган балиқ”, ”думи қийшиқ балиқ”, ”эскича ёзуви бор балиқ” ва ҳоказолар. Балиқларни кузата туриб, ҳар бир афсонанинг қатида ҳақиқат борлигини ҳис қиламан…
* * *
Юқорида, анча юқорида айтиб ўтганим Фаррух ва Абдувожибнинг сирли суҳбати мавзуси, улар излагани чекимлик экан. Сирожиддиндан бекитиқча чекадиган йигитлар ўзларини оқлашга киришаркан, Абдурасул уларга ақл бўлади:
—Одамнинг иродаси мустаҳкам бўлиши керак, чекиш зарарли…
—Менга чекишнинг фойдасини кўрсатинг, ҳозироқ бошлайман,- дея ижтимоий тармоқ саҳифасига оқилона статус қўйгандек гап бошлайди Алижон ҳам.
Сирожиддиннинг нигоҳидан булар четда қолади, дейсизми-йўқ, у буларни дарров билади… Эҳтимол, йиллаб кашандалик қилган бегона бир кишининг кўз олдида чекишига хаёлпарастлиги боис парво қилмас, бироқ буни дарҳол сезади. Назаримда, меҳри тушган укаси Абдувожибнинг бу ишлари келажагига таъсир этишидан кўнглига безовталик оралайди. Ўша кеч бу ”бекинмачоқ”ларга чек қўйилди. Абдурасул ҳам Сирожиддиннинг яхшигина маърузасидан бебаҳра қолмади.
* * *
—”Қайғубулоқ”қа қачон борамиз. Ўзи мен шу булоқ билан коризни кўриш учун Зарабоғга келганман, — дея Сирожиддинга келишим сабабларини яна эслатаман. Зулфия янганинг ривоятлари билан янада қизиқишим ошган Қайғубулоқдан яқин-яқинларгача қайғули овоз келиб турган экан.
Сувсизликдан қайғуга ботган элнинг нолаларига жавобан Худонинг марҳамати билан бир булоқ пайдо бўлади. Унинг қайғули овози, эҳтимол, шу кунларни эслатиш ва инсонларнинг шукрона этиши учун ҳам эшитилиб турган бўлса, ажабмас.
Ҳозир бу булоқдан овозлар келмайди. Лекин буни ер юзида ҳам, ер остида ҳам бирдек оқиб турган суви сероб зарабоғликларнинг кўнгил тўқлиги, қувончи нишонаси дея таърифлаш мумкин.
* * *
Йўлга тўрт киши – Абдувожиб, Абдурасул, мен ва йўлбошчимиз Сирожиддин отландик. Сой бўйлаб кетамиз, қўлимизга олган бутун нонни сойда оқизиб еймиз деган таклифга барчамиз бир овоздан рози бўлдигу, бироқ бизни сойда маст-аласт ёшлар кутиб олди. Уларнинг ҳам фотографи, қўшиқчиси, икки оёқда тура олмай юмалаб қолаётган шериги ва ўзини Шерободнинг зўридай ҳис қилаётган замонавий ”братан”и бор йигитчаларни кўриб, биз тўртовлон асабийлашардик. Сирожиддинни ”телевизор орқали кузатувчи” йигит илтимос қилавериб, гитарада ҳамроҳи бир марта куйлашига кўндирди. Абдувожиб энди гитарани шунчалик маҳорат билан чалдики, ”соҳир овозли” ҳавасманд қўшиқчи хоҳлаган жойида авж пардани оларди. Реп, рок каби турли нағмаларда куйлаётган йигитга Абдувожиб чолғуни созлаб ҳам улгурмади. Абдувожиб асл санъат қандай бўлишини қўшиқ куйлаб кўрсатди – сақични яхшилаб ёпиштирди. ”Илтимос, мен учун, мен учун…”лар ниҳоя топавермагач, уларнинг раъйини қайтаришга мажбур бўлдик. Кечки дийдордан умидвор улар билан хайрлашиб йўлда давом этдик.
* * *
Сирожиддин ўқиган мактабни, 1754 йилда ишлаб чиқарилган буғ билан юрадиган тракторни, булоқ, кўлни, қадим чинорни кўриб манзилга етиб келдик.
Қайғубулоқ биз кўрган булоқлардан бошқача эди. Таъми, сокинлиги, ҳатто ҳиди бордек туюлди…
Овози бўғилиб қолган Абдувожиб ихлос билан булоқдан сув ичганини ва овозлари очилганини айтганда, мен ичимда бу ерда ҳар қадамда булоқлар кўз очган, одамларининг кўнглида ҳам… дея ўйга чўмиб бошлагандим, Сирожиддин бошқача иштибоҳ қилди:
—Бу ердаги одамларнинг ҳам ичидан спирт булоқдай қайнайди,- дейди сал олдинроқ содир бўлган кўнгилхираликларни эсга олиб.
Бу ачиниш, ҳали 18-19 ёшли йигитлар тақдирига лоқайд эмаслик аломати эди. Сирожиддин уларнинг келажагидан хавотирда эди. Ўйчан давом этди:
—Нега, Хуршид ака, булар шундай шифобахш сувлари туриб, спиртли ичимликлар ичишаркан-а…
Олдингдан оққан сувнинг қадри бўлмайди, дея кўнглимдан ўтказаман, бизни ҳайратга солаётган, беқиёс гўзаллигини кўз-кўз этаётган Зарабоғни бу ерликлар ҳеч бир ҳайратсиз, ўзларига таниш бўлган одатий ҳолдек кузатади.
* * *
”Бу куйни адирларда мол боқиб юрган чўпонлар яратган дейишади. Чўпоннинг оти ўлиб қолади ва дуторида беихтиёр шу куйларни чалади”, дея бир ҳазин куй чалиб, унга ”Тановар”, ”Дилхирож”, ”Илғор” сингари куйларни жўр қилиб, яшил майса устида ёйилган гиламда жўшаётган Алижон бизни мусиқа оламига бошлайди… Дардчил, юракка шу кунгача бир бора ташриф буюрмаган оғриқларни улашган куйни дуторнинг икки торида оҳиста ўйнаётган бармоқлар яратаётганидан ажабланади киши. Яна ҳозиргина ҳаётга муҳаббат уйғотган ”Қўштор”га жўр бўлган чолғу бир лаҳзада ҳазинликка йўғрилган куйга қандайин ҳамоҳанг бўлмоқда деб ҳайратланамиз. Алижон дуторни маромига етказади – кўнглимиз чоғланади.
* * *
Қадим Зарабоғда Бухоро амирлиги даврида бунёд этилган, ҳозир қаровсиз қолган масжид борлигини Сирожиддин айтганди. Масжид бир муддат чойхона вазифасини ҳам ўтаган кўринади, равоқига шунга монанд белги осиб қўйилган. 1972 йилда бизга ўхшаган бир рус сайёҳ бу ерларда бўлганини меҳробга ёзиб кетган битикларидан билдик.
Зарабоғ — ҳақиқий туристик маскан, унда тарих ҳам, табиат ҳам, ҳаво ҳам, шифобахш булоқлар-у афсона ва ривоятлар ҳам омухта. Ҳар қандай дидга эга туристларнинг эътиборини тортишга қодир бу замин, табиат мўъжизасидир.
Бу ерлардан кўрсатувлар тайёрланса, таърифи тўла тилга олинса, уни бор бўйи, гўзаллиги билан намоён эта олишса, ишонаманки, бу миллий ғурур, шукроналик ҳисси, юртсеварлик ва бундай заминга муносиб бўлиш зарур эканлигини авлодлар англаган бўларди.
* * *
Гўжа оши тайёр бўлибди. Зулфия янганинг қўли дард кўрмасин. Бирам ширин таом бўларкан, ош сузилган ликопни елкасидаги юкидан озод этдиг-у, биринчи бор тановул қилганимиз- гўжа оши ҳақда ўз фикрларимиз билан ўртоқлашамиз.
Биз билан ўйин ўйнашни истамай, тихирлик қилган Сирожиддинни ҳам бир амаллаб кўндириб, ўйинга киришдик. Буни қаранг, ”ўйнамайман” дейди-ю, Абдувожиб иккисининг актёрлик маҳорати бир-биридан ўтиб тушади. Кичкинтойнинг соддалик билан ўзини сездириб қўйишидан, беғуборлигидан мириқиб кулардик. Абдурасул бу ўйинда қарашлари билан ўзини фош этиб қўйган бўлса, Алижоннинг эса нафақат чолҚу асбоблари чалиш, қўшиқ куйлашда, балки бошловчиликда ҳам моҳир эканлигини билиб олдик. Шаҳбознинг эса на оддий иштирокчи, на овчи эканлигини билолмай ҳалак бўлдик. У жуда яхши ўйинчи экан. ”Ҳурматли амаки” (ўйин бошловчиси Алижон Мадиевнинг мурожаати) эса юракларига қулоқ солар, Шабнамнинг ўйин давомида фақат овоз бериш навбати келганда, бу ўйинда иштирок этаётганини билиб қолардик…
* * *
Бу шаҳардан қочиб, ўзларига дам эълон қилган йигитлар фақат Зарабоғнинг гўзал табиатидан баҳра олибди, ўйин ўйнаб, мусиқадан сармаст бўлибди, десангиз адашасиз. Қоқ тунга оз қолганда шашка бўйича уйқу олди чемпионатини ташкил этдик. Ўйин қизғин тус олди…
”Мусобақа сўнгида ғолибларга ташкилотчилар томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари берилди” дея давом эттирардим-у, бироқ мутлақ ғолиб аниқланмади. Барчамиздан уйқу устунлик қилди.
* * *
22 март. Тонг саҳар Зафар ака тегирмонга кетибдилар, Зулфия янга эса биздан кеч ухлаб ҳам, биздан олдин туриб ҳам тетик (кўз тегмасин), дастурхон тузаб, ишларини қилиб юрган эканлар.
Айвонда туриб қуёшнинг ана у яшил ялтираб турган тепаликдан бош кўтаришини, худди уфққа ботиб кетаётган сингари қип-қизил эканини кўриб, бу ер ҳақиқий мўъжизалар макони дея ўйлаб қоламан. Шарқироқ сой ҳали ҳам тиним билмай қуёшнинг пойига томон оқиб бормоқда эди…
Бугун Термизга қайтамиз, яна шовқинкор шаҳарга қайтамиз…
* * *
Икки кунда шунчалик ўрганиб қолганимиз – бу самимий оиладан узоқлашгимиз келмайди. Зафар ака тайинлайди:
—Йўлни билиб олинглар-да, ўзларингиз келаверинглар. Сирожиддинга сизлар келгач телефон қиламиз, етиб келар…
Шукур Холмирзаевнинг ”Ўзбеклар” ҳикояси қаҳрамонларидай жўмард кўриниб кетган (аслида ҳам шундай) Зафар ака ва у кишининг оиласи билан айрилгимиз келмай хайрлашамиз.
Зарабоғга келар йўлда Абдувожибнинг ”Хуршид ака, ҳали келмасимиздан кетгим келмаяпти” деган гаплари хаёлимга келади. Сойдан ўтамиз. Сирожиддин ялпиз теради. Абдувожиб гитара чалади, Алижон куйлайди (илтимосларга биноан):
”Ўртамизда хафалик бор,
Узр айтиб сенга юз бор…”
Абдурасул, Фаррух учаламиз қияликда тошлар билан ”Термиз” дея ёзамиз – суратларда муҳрлаймиз…
* * *
Йўл одами йўлга яхши деган гап бор. Ҳисоб-китобни тўғри олмаганимиз сабаб, Шерободда бу вазият халоскоридан нажот кута бошлаймиз. Абдувожиб ҳам, Сирожиддин ҳам ”ҳозир келаман”ни айтиб биздан узоқлашади. Биз эса кутишга маҳкум…
Чўнтакларимизнинг мазаси қочган чоқ лўли опалар келади, вазиятни тушунтирамиз. Мен лўли опадан қизчасини оламан, яхши ишлаш мумкин бўлган ”точка”ларни сўрайман. Абдурасул эса ”кафтингизни очинг, ром кўраман” дейди-да лўли аёлларга ”фол очади”.
—Сиз ҳали турмушга чиқмабсиз,-дейди бир лўли аёлга Абдурасул сидқидилдан кафт чизиқларида бармоқларини юрғизиб… Ҳаммамиз куламиз, уларнинг тўрвасига қизиқамиз. Суҳбат қизийди. Атрофдагиларнинг бизни қизиқсиниб кузатаётганини кейинроқ англаймиз…
* * *
—Зерикмаяпсизларми?! — дея Сирожиддин қайтиб келади. Биз ҳозиргина бўлиб ўтганларни гапириб берамиз. Нажотдан хабар келганидан шодланамиз…
* * *
Биз қайтаяпмиз. Биз Термизга қайтаяпмиз. Биз икки кун олдин кетганимиз ва яна соҚинганимиз шаҳарга – уйга қайтаяпмиз…
Ана, автошоҳбекат ҳам кўриняпти. Тайёрлана бошлаймиз…
Машинадан тушиб жимгина бир-биримизни кузатамиз, айрилишни истамай хайрлашамиз. Сафаримиз ниҳоя топади, келишиб олганимиз кейинги саёҳатгача ниҳоя топади. Қулоқларимиз соғинган шовқин ёқа бошлайди – Фаррух сафардан қайтганларнинг ”етказганига шукр” қабилида тупроқни кўзга тўтиё қилишига тақлид этади. Кулишамиз…
Бизни кутаётган манзиллар, яқинларимиз қошига – икки кун давомида уйдан узоқда кўрган-кечирганларимизни айтиб беришга ошиқамиз…

Ёш, фаол, ҳақгўй ... журналист

Блог им. usdiaman

Энди, билмадим-у, Сурхон воҳасида газета-журнал етарлича, унда фаолият юритаётган журналистлар ҳам анқонинг уруғи эмас, ҳарна, бор. Кўзга кўрингани-ю кўринмагани, шунчаки саҳифа тўлғазиш учун ёзадигани-ю кўнгли тўлиши учун ёзадиганлар ҳам йўқ эмас… Лекин, ўн тўққизга тўлар-тўлмас мухбир сифатида шаклланган, қисқагина фаолияти давомида анча-мунча минбарни макон қилганларни ўйлаб гапиришга чорлаб, Сўзнинг қудрати, Ҳақиқатнинг суръатини қаламга олган истеъдодли журналист нафақат Сурхондарёда, балки Ўзбекистонда ягона, эҳтимол.



КЎЗЛАР ТАРЖИМОНИ

Блог им. usdiaman

«Ҳали анча бор, ҳали уч кўчадан ўтгунча яшаш мумкин, манави кўчадан ўтаман, ҳали у кўча турибди, ундан кейин анави кўча келади, ўнг томонда нонвой бор… Эҳ-ҳе, ҳали нонвойхонага етиб боргунча қанча яшаймиз!» дея қатлгоҳ томон кетаётган инсонни кўрмаганман. Агар кўрганимда ҳам унинг онг-у шуурида, қалб-у вужудида туғён урган титроқлар, оғриқлар, ҳиссиётларни сезмаган бўлардим, рости. Унинг тилига кўчмаган кечинмаларини унингчалик ҳис этмаган бўлардим барибир, аниқ...


Мишкин – нақадар оддий, нақадар ғайритабиий, нақадар боласифат… Йўқ-йўқ… У самимияти боис ҳам шундай… У ажойиб суҳбатдош, қатлгоҳ хусусда ҳам у сўзлаб берганди. Эшик оғзидаги малайга ҳам, қизиқиб тинглашга чоғланган Аглая ва унинг оиласига ҳам у суҳбат чоғида айтиб берганди ва яна:


«...Ўзи унчалар чиройли эмасди; фақат сокин, маъсум, меҳрли боқарди. Ҳаддан ташқари индамас эди...» деб ҳам. Бу меҳрли боқадиган қиз – Мари! У онасини «шарманда қилиб ўлдирган», унга нисбатан бўлаётган барча муносабат-муомалаларга рози бўлган ва ўзини энг тубан бир махлуқ қаторида кўрувчи, кўзларида ҳам, юрагида ҳам меҳр қалқиб турган қиз… Шу орада содир бўлганларни энди «Телба»нинг етмиш учинчи ва етмиш саккизинчи саҳифалари оралиғида ўқирсиз. Бироқ, менинг ҳолсиз, мажолсиз ҳолим, бўғзимга тиқилган ўткир алам, бурним устида жимирлаб туриб, кўзларимни тўсиндан тўсиб қўйган оғриқли йиғиларим мени анча пайт холи қолдирмади. Шу саҳифалар анча вақт ўзимга келолмай юришимга, тушларимда болаларнинг мен билмайдиган тилда:


«Je vous aime, Marie!» дея севгиларини изҳор этиб чирқиллашларини эшитиб уйғониб кетишлар, ўнгимда менга хаёл паришонликнинг ҳамроҳ бўлиб қолишига-ю, «Нега бундай, нимага?!» деб уй бурчагида… енгил тортишимга… яна ўзгариб қолиши мумкиндай, қайта-қайта ўша воқеани ўқишимга сабаб бўлди. Сизга таъсирчан тушунтириб беролмайман буни ҳеч...


Бу «оғир синов» лардан ўтгач, Сизнинг кўнглингизни яйрата бошлайди енгил ёқимли кулгулар, бироқ яна ўша лаҳзада қандайдир пўртанасифат, овози ўзидан олдин келаётган қўрқувлар кўнглингизга соя сола бошлайди. Вазиятларнинг кескин, сиз кутган-кутмаган нуқталарда ўзгарувчан хатти-ҳаракатларда ифода топиши ижодкорнинг юксак маҳоратидан далолат. Ўртанасиз, ўртанасиз, охирида, энг оғири охирида карахт қоласиз...


«Телба» тўрт қисмлик романни ўқиркансиз, кўзингизни юма кўрманг, кўз олдингизга қаҳрамонларнинг (йўқ, қаҳрамон бўлиши шартмас, оддий персонажларнинг ҳам) кўзлари пайдо бўлиб, сизни таъқиб эта бошлайди. Ўқий туриб, «Телба»ни кўзлар, нигоҳлар таржимаси-ю, Достоевскийни эса нигоҳлар таржимони деган хулоса топдим. Чунки у қарашлар билан тўла баён эта олган феъл-атвор-у ички кечинмалари ўқувчига етарлича тасаввур бера олади...


«Аглая унга ғалати тикилиб турарди: унинг кўзларида заррача қаҳр ва заррача ғазаб йўқ эди; у князга ҳуркак ва майин нигоҳ билан қарар, бошқаларга князнинг юраги ширин увушиб кетди...» Сизнинг-чи?! Сизнинг кўнглингиз-чи?!


Китоб давомида бир қаҳрамонни севасиз, нафратланасиз, оқлайсиз, айблайсиз. Елкангизда қолган ҳукм мажбурияти ўрнида ўша қаҳрамон тақдирини ўзгартиш имкони бўлганда неларнидир ўзгартириб, қайсидир жойда дилингизда борини тилингизга кўчириб, бор овозда аламингизни «изҳор этардингиз», кўксига бош қўйиб-да ё елкангиз тутиб бу тақдирдан, бир кам дунёдан нолиб қўярдингиз...Ҳаққаст рост...


Мен китобни ўқиб тугатдим-у, Достоевскийга яна тасанно дедим. Хулосаларим ўзимники, Сизнинг хулосангиз-да ўқиш давомида шаклланган, шаклланаяпти ва шаклланажак...! Ишонаман шундай инсонлар шу замонимизда ҳам бор ва минг таассуфки, уларнинг тақдири телба замоннинг инсонлар онгига таъсири сабаб қайғули, қўрқинчли, азобли,… ли. Бу тақдирлар оғриғининг барча-барчасини фақат Достоевский мусаввирона тасвирлаган нигоҳлар акс эттиради, холос. «Телба»дайин...

«ОНАСИ КЎЧАДА ҚОЛГАНЛАР...»

TANQID-KELAJAK MEVASI

Мактаб пайтлари устозимиз китоби йўқ синфдошларимиз билан китобларимизни баҳам кўришимизни, кўнгли кенг бўлишимизни сўрардилар. Қандай дамлар эди-я?! Яқин дўстлик деганлари ўша кезлар уйғонган бўлса, эҳтимол. Бугун эса китоб баҳам кўришга ҳожат йўқ… Мақола мавзусининг бу дамларга сира алоқаси йўқ.


Бугун ёшлар орасидаги яқинликнинг жуда юқори чўққига етиб борганининг гувоҳи бўламиз, баъзи йигитчаларни кузатиб:


– Э онангни… й, бир минут кутмадинг-а?! Кутсанг, ўлиб қолармидинг?!


– Онангни… й, кут, девмидинг?! Ўзинг келмадинг-ку...


– Э анавида, онасини… й, безрайиб ўтирибди ўзиям, қайт қиворгиларим келди башарасига. Бирам имиллади-ей...   


Суҳбат шу йўсинда давом этаркан, на бирининг иккинчисига нақ жағини узиб юборгудек мушт туширганини кўрдим, на мўлжаллаб туриб кўзидан ўт чақнатганининг гувоҳи бўлдим. На “Ошна, оғзингга қараб гапир” деганини эшитдим… Орияти ҳаётидан устун дея таъриф этилган эр-йигитлар авлодимиз, ахир, мушфиқ оналаримиз ҳам ўғил туғсин, ҳам унинг бурнидаги оқизиғини кеча артишга ўрганган ошналарига… Тўғри, айтган билан шундай бўлиб қолармиди, пашшадан фил ясаётганга ўхшарман, балки?! Бироқ, бундай суҳбатлар давоми қулоғингизга чалина бошларкан, беихтиёр “оғзингни ёп, пашша кириб кетади” дейишгандаги сингари бор вужудингиздаги ўйдим-чуқур-у тешикчалардан ҳам, қулоғ-у кўзингиздан, ҳаттоки киндигингиздан ҳам хавотирга тушасиз-қўясиз?! Наҳотки, жадаллашув замони шу даражага етди. Астағфируллоҳ!!!


Шу йигитлар сингари фикр-у савияси юқори бир “мутафаккир” айтганмиш:


“Фақатгина менинг онам – фаришта. Чунки у мени туққан. Қолган аёлларнинг ҳаммаси-...” Бу гапни бизда айтганда нақ ўттиз икки тишидан қонталаш милки қоларди, агарки, бўғзига ўтиб кетмаса жағ-пағи билан… дердим. Афсуски, унақа эмас, қайтанга, уни чапак чалиб, олқишлайдиган, бир-биридан онасини “сўрайдиган”лар ўзига раҳнамо қилиб, бошига кўтарарди, аниқ ва ўша она “фаришта”га ҳам сўлаги оқарди.


Замондан ортда қолибман… “онаси кўчада қолган” дўстининг онасига эр бўлишга даъвогарлик қилаётганлар бугун “замонавий” эмиш. Улар гапирса бўлди, елкасига қоқиб қўйиб, ҳаттоки, қучоқлашиб ҳам кетаверишади. Қайси бет билан, қандай чидаяпти экан, қандай..?


“Онани қўшиб сўкмайдилар. Ким сўкса, ўзининг онасини сўккан бўлади...” дерди устозимиз. Онамни яхши кўрганим учунми, устозимизнинг гаплари қаттиқ таъсир қилгани сабабми сўкинмадим, сўкина олмадим. Бировнинг бундайин сўкинишини ҳам ҳазм қилолмадим. Сўкса, сўкаверсин… Онасини сўкаяпти, деб ҳам жим қололмадим...


Ўтиниб сўрайман… Сўкинманг, тилингизни, дилингизни покиза тутинг. Таъкид сингари онангизга, онангизга, онангизга меҳр кўрсатинг. Бундай тубан сўзларга йўл қолдирманг. Тил сизники, тил дўстингизники. Она… қани ўша тил билан уни тўла таъриф этинг-чи?! Қўлингиздан келармикан?! Тилагим онгингизга ақл-тушунча, кўнглингизга орият, ғурур ато этсин...


Сизни, онангизни, оилангизни ҳурмат қилмаган инсон қандайин дўст бўлади?! Ҳеч кимнинг онаси “кўчада қолган эмас”, Сизнинг ҳам… Ўйлаб кўринг!

ДАРАХТЛАР...

Блог им. usdiaman

ДАРАХТЛАР...


 


Дарахтлар сўзлашни биладилар. Улар илдизларида жо бўлган афсоналарга, ҳаёт-ривоятларга қониб, олис қишларда куртакларига эртак сўзлайди.


Дарахтлар ҳаётни қадрлайдилар. Улар бойчечаклар келтирган қувончли хушхабарлардан шодланиб, шохларига қўнган қалдирғочларнинг митти оёқларидан бутун вужуди бирла баҳорий даракларни ҳис этади. Уйғоқ қувончлари пўстлоғига сиғмай, дунёга бор шодлигин изҳор этмоқ учун куртакка айланади.


Дарахтлар шодонликларга шерик бўладилар. Уларнинг гулбарглари сизнинг табассумингизга пешвоз чиқиш учун пойингизга шошилади. Оқ, пушти гул япроқлари сабо бирла қувонч тўлқинларида қувлашмачоқ ўйнайди. Қиқирдоқ кулгулари юрагингиз уйғотади, ҳиссиётларингиз жунбушга келтирмоқ учун илҳомларни кўнглингизга сафарбар этади.


Дарахтлар чидам-бардошли бўладилар. Ёзнинг саратонида қуёшга тик боқиб, мангу қўшиқларин, аждодларидан мерос қўшиқларин куйлайдилар, дилдан уфурган ифор янглиғ кўкка бўйлаган титроқ улардан узоқлашиб, салқин сояларга ҳаяжонин изҳор этади. Ям-яшил япроқлари офтоб нурларига пишган-пишмаган меваларни кўз-кўз этиб, шодланади. Чидамли шохлари ерга томон эгилган дарахт меваларин тутиб таъзим этаётган меҳмондўст инсонга ўхшайди.


Дарахтлар азобларга дош бера оладилар. Таёқлар-у тошларга тўқнаш бўлиб, шохлари қайрилиб, синиб мева улашаётган дарахт ўз вужудида туйган оғриқларга дош бера олади, бардош бера олади.


Хазонрезги кузнинг бор шартига кўниб, заминга инаётган япроқларнинг видоси ёмғирларнинг шивирига, шамолларнинг шиддатига кўчади. Хазон бўлишин умр якуни эмас, янги ҳаётга асос деб баргларидан айро қолаётган дарахт тик ҳолда кутиб олади бор озор, айрилиқларни. У барига чидайди, бардош беради.


Дарахтлар йил бўй тўкиладилар. Улар биргина куздамас, баҳор-у ёзда ҳам тўкилади. У бу тўкилишларни умр эврилишларига кўникиш дейди. Йил давомида ўзини якка ҳақиқатга кўндириб, тайёрлаб боради. Гулларини, меваларини, сўнгра япроқларини тўка бошлайди. Шу кўй яшайверади.


Дарахтлар ҳам ниҳоллар деб яшайдилар. Уруғидан унган ниҳолига нур етсин дея куйиниб яшайди дарахтлар. Нозик япроқли ниҳолларга меҳр билан тикилиб, унинг келгуси виқорли келажагидан шодланиб, нафас олади дарахтлар, гар ниҳолга нур етмаса, бунга шохлари тўсқин бўлса, ўша шохларидан воз кечишга тайёр турган дарахтлар...


Дарахтлар ҳам ўладилар. Фақатгина вақти етиб… фақатгина тик жон берадилар, мағрур жон берадилар.

БИЗНИНГ ЭСКИРАРДА

TANQID-KELAJAK MEVASI

«Икки оғзи шалоқ хотиннинг гурунгини эшитиб, хирмон-хирмон гуноҳ орқалайсан»,-дерди момом раҳматли. Ўзиям анча-мунча луқмани ўртага ташлаб, мағзига тишимиз ўтадими-йўқми, кузатарди. Тушунмасак, ”менинг-ку тишим йўқ, сенларга нима қилди”, дердилар кулиб…Сали кам юз йиллик тажрибаси бор эди-да момомнинг. Ҳозирги кампирлардек тор шим кийиб, неварасига эртак айтишдан, уларни тарбиялашдан кўра гап-гаштакда сўнгги янгиликларни, бибиси айтиб берган ”чўпчак”дан то рўдар рўбарў келолмаган воқеаларни-да баҳам кўришни маъқул кўрадиган кампиршолардай эмасди раҳматли.


«Қуруқ қошиқ оғиз йиртади». Қуруқ гап-чи?! Мағзи пуч фикр-чи?! Момом бўлганида айтарди: «Суҳбатни ғийбат қизитади»,-деб. Қўшиб қўярди: «Рост гап ғийбатга ўтмайди…»


Ҳақ гап. Бу сўз таниш барчамизга. Лекин, доим ҳам рост гапни айта олаяпмизми?! Менимча, юзхотирлик ортиб кетди. Чегараси бор ҳар ненинг…


«Оммавий маданият» тарғиботчилари аллақачон экранларимизни банд этгани сир эмас. Сир десак, ичимизга қўрғошин қуйилгандек азоблайди.


Шу десангиз, қайданам ёзишни ўргандим, дейман баъзида. Ёзсам, енгил тортаман. Ёзавераман, кимнидир кўнглига тегиб, дийдиё-ю дағдағасин, пичинг-у киноясин эшитиб юраман кейин… Э, айтсам гап кўп. Анави, деворга илинадиган дилбузорингиз борми, ҳеч қурса катталиги бир қулоч келадигани бордир. Э рўзғор ғор дегандай, қоринга етказсангиз, устингизга етмайди, денг. Бизам шунақасидан ҳавас қилгандик, кичикроғига қурбимиз етди. 6 йил бўлдими, Валлоҳу аълам, ё 7 йилми?! Тиқ этмай ишлаб келаяпти, кўз тегмасин. Дилбузор номи билан дилбузар экан-да?! А?! Нима дедингиз?!


Эстурардами эскирардамизда бир гала фанонағмада хониш қилатурғонлар кўпайиб қолди. Ҳай, майли, фано нағма қил, н… керак гўрди балони куйлаб…Ҳам умрингни хазон қилиб, ҳам бизни заҳарлаб. Ё бизда хусуматинг борми, арпангни хомлайин таг-туги билан ўриб ташладикми ё?!


Ҳа, «писта»га иштиёқманд экансан: бор: Латофат пистачига шогирд туш, тишда чақишми, қўлда чақишми, пулда чақишми-ҳаммасини ўргатади. Яна биттаси «чакки, чакки, чакки қиласан»,-дейди. Чакки қиладими, қурут қиладими, нима ишинг бор. Рўзғор бу… Хоҳласа ”кефир, молоко” деб эрталаб дўмларни айланиб сотиб чиқади. Шунда нима қиласан. Яна қўшиқ қиласанми: «кефир, кефир, кефир қиласан» деб. А?! Эшитмадим?!


Иннанкейин, анави «умуман» гуруҳи ҳанграйди, узр куйи янграйди… Рикломная пауза қилади: нечта хат келади, кимлар эшитади, қанча марта ҳанграшга улгурганини, қўшиб қўяди: «умуман барибир умуман-де!» Нима қилай. Умуман сенларнинг жойинг анави псих Баҳодирнинг балнисасида…


Бизнинг эскирарда фақат ялинишлар, йўталлар, қурбақадан қўрқишлар-у бадбўйларга қолдими?! Тавба-а-а! Воҳ, чап кўксим санчиб кетди. «Профессионаллар» қатлами пайдо бўлдики, улар ўзлари куй басталаб, шеърини ўзи ёзиб, ўзи куйлаб, охири ўзлари эшитиб қолмоқдалар. Момомнинг таъбири билан айтганда, бизнинг эскирардамизда «дордан қочганлар», «ит ғажимас», «бир копийкага қимматлик қилатурҚон» гуруҳлар, хонандалар бўй кўрсатиб, «аччиқ ичакдай узайган» олис саф пайдо қилганлар.


Диор, Subhan, Bad boy, Shahnoza сингари беёқимлар олдида «Умуман» гуруҳи сал одамбашарароқдай туйилади. Лекин, ҳаммаси бир гўр…


Санъатимизда бир замонлар севги-муҳаббат куйланган бўлса, ҳозир хиёнат, беқадрлик, «сан бўлмасанг, бошқаси»ю «ўзингни оловурма», «ўзингни ким деб ўйлавоссан»лар қўшиқ қилинмоқда.


«Божалар» гуруҳи нимани нима учун куйлаяпти?! Бор овозда қичқиришлар, жаргонлар, масхараомуз гаплар ўзбек эскирардасининг эс кирмас ва эскирмас мавзусига қачон айланиб улгурди. Бу «қадрият» янги авлодларга ҳам мерос қолмоқда. Қани аввалги «Божалар»…


Номсизлар-у номдорлар, «хотин излаган»-у «мевага кўмилган»лар, «қайлардасан, кимлар билан» дея гумонланиб, «менга ҳам ўргат» дея ялинишга чоғланганлар кўпаймоқдаки, зинҳор-базинҳор «тепа қаватдан спўрлашиб, ғишт ташламанг, нақ «санъаткор»нинг бошига тушади-я». Агарки, қўшиқ куйлаш «маҳорат»ини йўқотса, бутун Ўзбекистонни қутқарардингиз, лекин бу ҳам беҳуда… Фано нағмада путури беҳисоб кампутурнинг кўпмиқёсли амаллари билан «маҳорат»ини қайтариб олиб, куйлайверади-да улар. Сиз эса қоласиз бор-будингиздан ажраб, унинг эса яна 10-20 йиллик «ижод»ига спўнсирлик қилиб, тирик қолса агар…


Момом ҳаёт бўлса-ю кампутур-у интернетни ўрганганида, ўз сайтига кўминт қолдирарди:


«Э, санлар артисми, апирисми?! Айтсанг, жонли айт… Айниган калланг билан дилбузорга чиққунча, даволан…» Агар сал асабийлашса, бисотида сероб бўлган қайноқ сўишлари билан ҳам ўртоқлашардилар. Бу билан момом сўконғич бўлган демоқчимасман, фақатгина  уларга биз эшитаётган «дикс-дакс»лар аниқ ёқмасди-да. Анча-мунчани сўзи билан мот қиладиган, олий маълумотлиларни-да ўйга толдирадиган момомнинг ақли-салоҳияти бу қўшиқлар матнини «англай олмасди». Ё жўнлигидан, ё бизнинг фанат бўлиб, қилаётган ваҳимамиздан. Тиши ўтмасди.


Бизга эса бу қўшиқларда нима дейилгани умуман муҳим эмас, бошимиз ликиллаб, оёғимиз мусиқа сабаб типирчилаб турса бўлди. Биз учун ана шу «эскирарда»!!!

Хор бўлган Баҳор ёхуд чорак асрлик давлат тилининг бугунги имлоси

TANQID-KELAJAK MEVASI

 


«Sava! Qalesan. B6vottimi? Ne ke4a kemadin. Vsegda wunaq qilasan-a…»


Шеваларимизнинг ниҳоятда бой махзани бор. Уларнинг сайқали эса бадиий адабиётнинг асоси. Ҳазрат Навоий тилимизнинг сўз бойлигини эътироф этаркан, баъзи сўзларнинг ўн, баъзиларининг юзлаб маънодошлари борлигини таъкид этади. Бироқ, чорак асрлик давлат мақоми билан ўзбек тили Тошкент шевасига ижтимоий тармоқлардаги ёшлар учун ўрин бўшатиб берганга ўхшайди. Шевани ҳам қойил қилган “учар” ёшлар чет эл сўзларини ҳуда-беҳуда ишлатишга ўрганиб қолишган. Рус, инглиз тилларидаги ўзлашмаларни тилимизда бағоятда “юксак дид” билан ишлатадиларки, ёқангизни ушлаган кўйи сезиб-сезмай ё ўзингизни бўғиб қўясиз, ё ёқангизни йиртиб қўясиз. Бугунги кунда сўзлашув услубининг шева ҳолати ёзувга кўчмоқдаки, ёзма нутқ имлони тан олмайдиган, кўрсавод ёшларнинг кўр-кўрона шошма-шошарлиги сабаб ажабтовур янгиликларга доя бўлмоқда. Эҳтимол, тезкорлик лозимдир. Шахсий хат-хабарларда бу унчалик муҳиммасдир. Ҳечқурса, ҳар бир кишининг юзи бўлган электрон қайдида имлога амал қилсин, адабий тил меъёрларини ҳурматласин...


Интернет ёшларимизни фикрлашдан, изланишдан маҳрум қилмоқда, деймиз-у бироқ улар янги алифбо яратганининг ўзиёқ, уларнинг қанчалар кашшоф изланувчан ёшлар эканлигига мисол бўла олади. Эндиликда, “sh”-“w”, “ch”-“4”, “o‘”-“6”, “g‘”-“9” сингари. Сўзларни қисқартиш борасида эса қизғин пойга кетмоқда, ким ютишини билмадим-у аммо шу кетиш бўлса, келажак авлод кўп нарса ютқазиши ойдай равшан. Интернет тизимидаги бу каби ҳолатлар ҳеч кимдан қолишмаслик, ўзларини “замонавий” деб ҳисоблаётган “замон сарқитлари” билан тенг бўлиш мақсадини кўзда тутмоқда.


Бир латифада айтилганидек, икки хоразмлик Тошкентга келиб, “вотти-вотти”, деб гапирса, савдогар: “Хоразмданмисизлар?!” деб сўрабди. “Қаердан билдиз”, дейишса, савдо ходими “Чугурмаларингни ечмабсизлар”,-дермиш… бундай тақлид билан қаёққача борардик, кимни алдаймиз. Шевасида гаплашиш ноқулай бўлса, адабий тилда сўзласин, барака топкур (Умрида уч-тўрт кунгина азим Тошкан ҳавосини олганми йўқми, воттилаб бийрон сайраганларига нима дейсиз?!). Ҳарқалай (А так бор-у), адабий тил ҳам тушунарли, ҳам изза бўлишдан йироқ. Имло энди бошқа масала… Термиз шаҳридаги ҳар ўнта баннернинг учтасида ял-ял ёниб турган имло хатолари кўзингиз олади-я! “Такикланган” жойлар, “очик дукон”ларни кўриб, “қ” ва “ў” ҳарфини нонуштада реклама қилинган сариёғ билан қўшиб, нонга суртиб еб юборган пештахта соҳибларига тасаннолар ўқийсиз.


Бир куни Вилоят Матбуот уйидан Термиз давлат университети томон пиёда йўлга отландим (бу йўллар кўпчилигингизга яхшигина таниш). Йўл-йўлакай “Бахор” ресторанининг тўй ва базмлар қабул қилишини билиб олдим (Бироқ, бу қандай содир бўлади, эҳтимол, тўй ва базмлар учун буюртма қабул қилар). Йўлнинг бу қирғоғида эса “Пайнет: биз билан тулаш осон”. “Болажон” боғидан чумолининг ерда қолдирган изини излаб ўтдим, теварак-атрофга нигоҳ ташлашга ҳаддим сиғмади (алоҳида мавзу соҳибларидан хижолат бўлдим, уялдим). Боғдан чиққач, чуқур нафас олдим-у Ҳокимият томон йўлни бурдим. “Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов таклифига биноан 9-май Хотира ва қадрлаш куни деб э’лон қилинди” (Эҳтимол, эълон қилингандир. Буни энди ўша қайдни ўн беш йилча олдин битган имлодан хабардор “олимлар” билади). Дарҳол занжирлардан сакраб ўтаманда, Термиз Бақтрия савдо комплекси томон ҳаракатланаман. Яна пайнет. Бу қути ҳам пайнет, ҳам ксеропопия (буниси нима эканлигини билмадим лекин). Агар бу йўлда тиланчиларга чалғиб қолмасангиз, атрофга боқинг. “Ошхонамизга мархамат”, “Мужзкой салон”, “Пиластикда савдо киламиз”, “Элон”, “Иш вакти: 8:30-17:00”, “Ходдок бор”, “Шогирт таёрлаймиз” ва яна Шоҳ Салтанга айтса арзийдиган ажойиб-у ғаройиб пешлавҳалар… Термиз шаҳридаги имло хатоларининг деярли 60 фоизи “ў” ҳарфи билан боғлиқ. Ушбу ҳарфни кўп ҳолларда  “у” шаклида ёзилганига гувоҳ бўламиз ҳамда лотин алфавитидаги “o‘” ўрнида “o’” шаклида ишлатилиши хатоларга омил бўлаётганини тушунамиз.


Пиёда юрсангиз, шу ҳол. Машинага минсангиз янада ҳайратга тушасиз. Агарда йўналишли таксилардан биронтасига минсангиз, албатта, манзилингизни кўриб олинг. “Ангор стаянка”, “Вагзал”, “Детский балнитса”, “Юбилейной бозор”, “Метколлеж”, “Инфексионний балнитса”, “Таможний”гами, қаерга йўл олдингиз?!


Имло хатоларининг ўзи бир саҳифани банд этар катта мақола бўлади. Мустақиллик сари қўйилган қадамларнинг аввали сифатида ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилишини таъкид этамиз. Энг улуғ, энг азиз, ҳар они асрга татигулик истиқлол дебочаларидан бўлган бу кунни кенг нишонлаш унчалик муҳим эмас, шунчаки уни ҳурмат этсак, тилга беэътибор бўлмасдан, софлигини сақлай олсак, унинг болдай ширин таъмига беёқим бўтқанинг мазасини аралаштирмасак, шу минг байрамдан лазизроқ, менимча, нима дедингиз?!


Фикримга қўшилсангиз, «Sava! Qalesan. B6vottimi? Ne ke4a kemadin. Vsegda wunaq qilasan-a…» дейишни йиғиштириб, “Salom! Ahvollaring yaxshimi? Ishlaring joyidami? Nega kecha kelmading?! Doimo shunaqa qilasan-a?!” десак, айниқса, сизласак, бу ёруғ олам янада мунавварлашиб кетиши айни ҳақиқат!!!


 

“КАМБАҒАЛЛАР” ВИРУСИ (жўнатилмас мактуб)

Блог им. usdiaman

                             


Бир зулм ва зулмат замоннинг ёлғиз умиди, ягона илинж ва таскинига айланган инсон-Варвара Алексеевна!


Сиз қарийб икки аср илгари бу умрнинг бор рангини илғаб, ҳаёт тотидан баҳраманд бўлган аёл. Мен эса замонавий олам- йигирма биринчи юз йилликнинг шиддаткор, шовқинли кўчаларида ўзлигимни сукунат бирла йўқотиб қўйган кишиман. Бизни боғлаб тургани-Камбағаллик. Ўзингиз айтганингиз сингари “мактуб яхши нарса; киши ҳар қалай овунади”… Бу бедорлик онларимда не учундир, не сабаб, билмадим-у сизга ичимдаги энг ғамгин, исёнкор ҳисларимни илиняпман. Муҳтожлик аталмиш бахти қаролик, қийноқли оғриқ Сизнинг замонингизнинг энг озорли ҳисси бўлса, бугунги кунимизда (етарли барча шароитларга шукрона қиламану) замонимизнинг оғриғи бу маънавияти пуч, ҳақиқатнинг ҳақига хиёнат қилишни кундалик юмушига айлантирган инсонлар.


Сиз “кабутар”, менинг онам мусича сингари беозор. Ҳақ гапнинг тўқмоғи ҳақиқатни гапирганнинг бошида синадиган бу фурсатларнинг мени омон қолдирмаслигидан қўрққан онамни Сизга-да қиёс этаман. Тушу ҳушида менинг чакиллаб заҳар томган тилимнинг бошимга бало бўлишидан чўчиб, ҳар сафар бу йўлимдан қайтишимга ундай бошлайди. “Ўзингни асра, болам, кўзларини юмиб яшаб келаётганлар янглиғ сен ҳам жим, кўзларингни юмгин барига! Кўксида ухлаётган, мудроқ босган иймонлари билан яшаб келаётган аҳли замон қаршисинда кўзларингни юм, уйқуга чоғлан. Уйғотиб қўйма ҳали чарчаб улгурмаган виждонинг нигоҳларини...” дея мени асрамоққа ҳаракат қилмоқда, шу кўйи яшамоқда. Замоннинг ягона талаби бўлиб қолган — қўшнинг бир кўзини қисиб юрса, сен ҳам айнан ўша кўзингни қисиб юришинг лозимлиги менинг ҳаётимни барбод қилиши табиий. Шу боисан ўз фикримдан қолмай, ҳануз рост гапнинг тўқмоғига дуч келмоққа ўзимни тайёрлаб яшамоқдаман.


Менга шу тун тамкин туйилган камбағаллик, дарҳақиқат, “юқумли касаллик” ка ўхшади. “Камбағаллар”га яқинлик қилганим, ёқимлик ҳиссиётга ошнолигим сари бу юқумли хасталикнинг оғриғини туйиб бошладим. Юрагимда жимирлаётган сесканишлар билан олаётган нафасим бўғзимга тиқилсаю бу вафоли дунёнинг бевафо ва ўткинчилигин билмай ўзгалардан ўзиш учун умргузаронлик қилаётган аҳли дунёларни кўрмасам… Қанийди,  ҳаётни изга солиш имкони Сизу бизга берилган бўлса. Биламанки, Сиз Макарнинг умрини қийноқлардан озод этардингиз, мен эса онамнинг… Сиз суюкли инсонингиз умрига мазмун улашардингиз, мен эса уриниб кўрардим: бу инсонларнинг ҳаётини келажак авлод қилгуси шармисорликдан асрашга. Тўғри, менинг қурбим етмасди бунга, миллионлаб элита қатламидаги “ноёб инсонлар” удда эта олмаган ишни мен бажара олмаслигим аниқ бўларди.


“… Бадавлат одамлар эса тиланчиларнинг овоз чиқариб тиланишларига тоқат қилолмайдилар: шу тиланчилар ҳам жонга тегди, буларнинг дастидан ҳеч тинчлик йўқ, дейдилар! Қашшоқлик қачон, кимга ёққан ўзи?..” Мана шундай кунларни кўрган дамларингизда неларни ҳис этгансиз, қизиқ. Мен бугуннинг бир оғиз ҳақ гапни айтган инсонни овозига тоқат эта олмаган одамларнинг: тили чиқиб қолибдими, тезроқ чекламоқ керак, дейишларига кўникиб қолдим. Ҳақиқатнинг бўш товоғин тақир-туқури қачон, кимга ёққан ўзи?! 


Варенька, олқишларга хушингиз қандай, қўлларни ларзага келтирган қарс-қурс чапаклар кўнглингиз чоғ этарми?! Бугун қарсакларнинг кафтларни лов-лов ёндирган сасидан ширин ҳис туйган, ширин уйқуга кетадиган инсонлар тоифаси пайдо бўлган. Маддоҳларнинг гектар-гектар майдонли фермаларга сочган алқовлари бўй чўзиб, ҳукумат бозорида юқори нархда наволанаётир. Уларнинг рақобатга юз тутган норақобатбардош маҳсулотларининг-да истеъмолчилари ҳам сероб. Унинг ҳам чапакбозлари бор, тайёр! Мана шундай деҳқонлар кўпаймоқда, шакл-шамойил топмоқда. Заминистон қишлоқ хўжалигида манфаат белбоғин белига қаттиқ боғлаган кўйи қаламдаста билан ишга отланган ижод аҳли юқори ўринни муқим тутган (ундан-да “улуғроқ” жўшиб ёзадиган ижодкор пайдо бўлгунга қадар). Мана шундай ҳол бугун, азизам!


Сизнинг Макар ёзганидек: “… Китобдан ҳам ўргулдим, онажон! Китоб бўлиб жуда нимайди? Қаёқдаги бўлмағур нарсалар! Романи ҳам бўлмағур, бўлмағурлар учун ёзилган, масалан, бекорхўжалар ўқиши учун: ишонинг, онажон, кўп йиллик тажрибам алдамайди менинг.” Ҳм… Менинг шу замонда китоб ўқийдиган, асл китоб ўқийдиган инсонларга заруратим бор. Китоби чиққан кишига одоб юзасидан табрик сўз билан қутлаб, осмонларга беқанот парвоз эттирадиган ёлғон мақтовлар эмас, дилда ҳапқирган чин самимий тилаклар истайман ва албатта, арзиса. Бироқ, арзимайди кўпидан кўпи, ишонаверинг! Китоби чиқаётганларнинг барчаси Сиз танимас, биз суйган Шавкат Раҳмонмас, Шукур Холмирзаю Рауф Парфимас...


Оҳ, кабутаргинам, Достоевскийнинг адабий қаҳрамонига айлансам  эди. Оқ қоғозга тўккан дарди ноламни Сиз ҳижжалаб ўқисангизу тез фурсатда жавоб берсангиз. Варенъка, бўлмағурлар, бекорхўжалар қолмаган, ҳозир. Ҳозир бўлмағурлигидан қарсакловчи, бекорхўжалигидан маддоҳ бўлган аҳли башар яшар заминда. Ёмон қовуннинг беҳисоб туйилган уруғи мисол бугун одамлар наздида шоиру шуаро, адиблар бари. Ҳақиқатни билишадию, фантастикани, бўрттиришларни маъқул кўради. Бир оғиз Чўлпоннинг озод сўзин айтмоқ журъатин ўрнида давомли детектив асарлар ёзмоқни осон билади бугуннинг ижодкорлари, “олтин бошоқ, оқ олтин”, дея юртин севаётганин билдирмоққа шайланади аҳли қаламлар. Жим севишни, нимадир кутмай ардоқ этишни ўрганганида эса улар дунёни тарк этган бўлар. Яхшиям умр давомий, қарсакловчи ва маддоҳлар ўткинчи… Ва лекин бактериялар сингари тез кўпаювчи, афсус! 


Сизнинг эндиликда самимий дўстингиз бўлиб қолувчи…


Узун ва бедор тунларимнинг бири, Сиздан икки аср сўнг...


 

Китоб мутолаасидан кейинги хитоблар…

TANQID-KELAJAK MEVASI

Қўлимга тушган китобнинг (билмадим-у одат бўлиб қолибдими) сўнгги саҳифасини биринчи бўлиб варақлайман. Охирги жумла мени ”титрата олса”, сўнгги нуқта айтар сўзини айта олсагина ўқишга тутинаман. Бу сафар одатимни тарк этдиму китоб мутолаасига чоғландим.


”Соғинч қўшиқлари”… Жуда чиройли ном, мўъжазгина китоб, таниш муаллиф (аслида, муаллиф сабаб ҳам одатимдан чекингандим).   


Малак: ”Ушбу китобимни бобом Ҳамидулла Болтаев ҳамда устозим доцент Жаббор Эсоновларнинг порлоқ хотирасига бағишлайман”, дея китобини, соғинч қўшиқларини бобоси ва устозига бағишлабди. Бу ҳам китобнинг илк саҳифасиданоқ кўнгилни шод этади.


Сўзбоши битган Зулфия Қуролбой қизи таъкидлаганидек: ”Дунёда аёл қалбини англашдан оғирроқ юмуш бўлмаса керак…” Мен ҳам мутолаа мобайнида кўп нарсани тушунмадим. Биринчидан, бағишлов. Эҳтимол, бу бағишловни эркакона фикрат билан тушуна олмаётгандирман. Ахир, бу китоб эҳтирос, муҳаббат, соғинч, бўсалар, хаёлан биргалик, гуноҳ тараннуми-ку?! Ана шундай китобни бобоси ва устозига аташи?.. Унинг ўрнига китоб муаллифнинг бадиалар аталган ”яширин султони”га бағишланганда бошқа гап эди. Мен ўша бағишлов соҳиблари ҳақида китобнинг шу ўрнидан бошқа жойида дуч келмадим...


Бадиалар аталган инсон муаллифнинг ”суюмлиги”, ”қадрлиги”, ”меҳрлиги”, ”беги”ку ахир. Бундан ташқари кўнгил номаларини ўқиб, гандираклаб қоласиз. Улар ”сен”га аталганми ва ёки ”сиз”га:


”…Яна сенсизлик…Кўзларим йўлларингда нигорон…Сиз-ла ўтган онларни барибир соғиняпман. Йўлларимда Сизни учратмоқ истаяпман…” Бундай чалкашликлар китоб давомида сероб. ”Ўйлайвераман…”, ”Кўникмоқ оғир”, ”Ойдин кечаларда” сингари бир қатор бадиаларда сен ва сиз орасида паришон бўласиз. Аммо, қизиқ… Эҳтимол, бу чалкашлик телбавор ҳиссиётлардан нишонадир.


Қойил қолмоқ зарурки, тундаликми кундаликдаги (айтишга хижолатли) ҳолатлар кўчимларига:


”…бўсаларнинг зилол нурларига зор…”, ”Ҳижронингиздан ўртанган дилга, соғинган вужудга малҳам дорини тезроқ қўйишингизни истайман” (Ҳайронман, ўртанишлар, соғинишлар вужуду танани тўқмоқлаб моматалоқ қиладими, малҳам дори жоиз бўлса), ”Қани эди соғинган вужудим билан суюклигимни бўсаларга кўмиб ташласам?!”…(?)


Бу ўринларда иффату ибонинг юзларига парда тортиб, бошқа жумлаларга ўтсангиз:


”Сен ўзганинг ёри, мен ўзганинг… Сен-ла суҳбатлашгим, сен-ла бирга бўлгим келади”.


Бу нима шармандалик, эрли аёлнинг номаҳрам билан ”суҳбати-ю, бирга бўлиш” хоҳиши… Ва яна ”Жисман бўлмасада, ботинан бирга бўладиган, суянчиғим сиз борсизку!!!” эмиш. Ростдан аёл зотини тушуниб бўлмайди чоғи.


Бадиаларнинг бирида: ”ёшлар кўзимдан соғинч булутлари бўлиб тўкилаяпти”, дейилади. Ёмғир бўлса, бошқа гап эди. Булутларнинг кўздаги ёш бўлиши… Эҳтимол, оҳорли ташбеҳдир бу… Бошқа бир бадиада эса: ”оппоқ кўйлагини кийган далаларда оқ чаноқларини силкитиб пахтазор сокингина тебранарди”. Ундаги ”оқ чаноқлар”, ”тебранаётган пахтазор (ер қимирлаяпти, шекилли)”га нима дейсиз!?


Яна бир бадиага тиркалган тўртликда шундай сатрлар бор:


”Кўнглим бут бўлмади, бағрим тўлмади,


Туйғуларим етим, аммо ўлмади…”(?)


Тушунмадим, ХХI асрда етимлик ҳам оғир хасталикка айландими?! Етимликдан ўлиш мумкин бўлса. Тилшунослигимизда ”аммо, лекин, бироқ” боғловчилари тавсифи анча мукаммал берилган, қай ўринда ишлатиш жоиз эканлиги алоҳида уқтирилган. Шундан келиб чиқсак, хулоса етимлик-оғир хасталик бўлиб чиқади...


Бир ўринда Малак тан олади: ”… атрофимдаги одамлар бари ўзга олам одамлари...” Тўғрида Малак яшайдиган оламда ”ўзи пешонасини яратадиган одамлар” истиқомат қилгандан кейин дунёмиз турфа бўладида! Улар ўзлари хоҳлагандай тана аъзолари яратиши мумкин, магар тўғри тушунсак...


Фаслларга бўлинган китобни иккинчи фасли ”Шеърлар”. Агар сиз бадиаларни ўқиб чиққан бўлсангиз, шеърлар ўша насрнинг назм талқини деб ҳисоблайверинг. Янги сўз нарироқ турсин, янги гапга дуч келмайсиз. Шеър сарлавҳалари ўзгарган, вазнга солинган, холос. ”Ватан” ва яна бир бағишлов шеърни айтмаса, яна ўша ”суюмлик”ни қулоғи қизийди. Шеърда:


”Соғинганим сенсан, муҳаббат,


Сиғинганим сенсан, муҳаббат,


Суянганим сенсан, муҳаббат...”


Ва бадиада эса:


”соғинганим, сиғинганим, суянганим, Сизни соғиндим...”


Ростини айтсам, учинчи фасл ”Мақолалар”га келиб, на ҳолим, на хоҳишим қолмади. Чиқмаган жондан умид, деб китобни якунладим. Мақолаларда муаллифнинг мақсади, хоҳиши, умидлари акс этиб турибди. Нимадир бор...


Аслида-ку оддий бир китобхон сифатида бу фикрларимни ифода этаётган бўлсамда, кимгадир тушунмовчилик уйғотиши мумкин. Мен англамаган нуқталар аслида нуқта эмас энг нозик нукта бўлар, китобни тутиб турган шоҳсўз бўлар. Билмадим. Беш қўл баробар эмас. Ижодкорга сўзларим малол келмаслигини истаб, ижодий муваффақиятлар, ҳақиқий сўз санъаткори тақдирини тилаб қоламан...

Мулти тарғиботчилар

TANQID-KELAJAK MEVASI

                  Бугун дунёнинг «Pixar»,  «Dreamworks», «Metro Goldwyn Mayer», «Walt Disney» сингари компаниялари турли туман, ранг- баранг мультфильмларни яратиб, болажонларнинг кундалик овунчларига, ҳавас қиладиган, орзу этадиган мўъжизавий оламларига айланиб улгурган. Мультфильмлар-мулти тарғиботчилар. 118 йиллик тарихи давомида мултипликацион фильмлар болажонларнинг ҳам, ҳаттоки катталарнинг ҳам севимли ва чинакам мароқли овунчига айланди. Бугун мультфильм кўрмай ўсган ёш авлод бўлмаса керак. Мултьқаҳрамонларга ҳавас қилиб улғайган болалар бугун ён-веримизда кўп учрайди. Ҳатто ўзимиз ҳам… Бугун жамиятимизда Золушка-ю Репензел, Оппоғой-у соҳибжамол Белл ўрнида бўлиб қолишни истамаган қизалоққа, мард ва жасур, ақли теран шаҳзодалар, кўнгли очиқ, қўрқмас Синбад, Ясон, Геркулесларга ҳавасманд бўлмаган болакайга дуч келмаслик ҳам қийин. Эртакларга ишониб, оқ отли шаҳзодасини кутаётган қизлар, оқила ва бетакрор ҳусн соҳибаси маликаларни излаётган йигитларни кўриб, мультфильмларнинг беқиёс ”хизмат”ини туйиш мумкин. Ишқий саргузашт мультфильмларнинг авлодларимиз учун қанчалик керак эканлигини билмадиму, бироқ ватанпарварлик, юртга муҳаббат, ота-онага бўлган ҳурмат, оқибат тараннум этилган мультфильмларнинг заруратлиги аниқ.


                      Мен телеканалларимиз орқали намойиш этилаётган кичик ёшдаги томошабинлар жону дили-мультфильмларни кузата туриб, қувонаман… Биз ”Зумрад ва Қиммат”, ”Соҳибжамол ва маҳлуқ”, ”Қирол шер”, ”Балиқчи ва тилла балиқча” сингари 4-5 та мультфильмларни кўриб улғайганмиз. Бугун кундан кун янги, турли жанр, турфа қаҳрамонлар иштирок этган мултиклар ойнайи жаҳонни банд этмоқда. ”Ўзбекфильм” ҳам қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. Бир-биридан қизиқ, жанрлари турфа мультфильмларни ёш томошабинлар эътиборига ҳавола этмоқда. ”Ҳунарманд шаҳзода”, ”Ур тўқмоқ”, ”Широқ”, ”Тўмарис” сингари миилий мультфильмлар халқимизнинг эзгу қадриятлари асосларига таянган бўлиб, ғоявий пишиқ асарлардир. Лекин, бу мултьфильларни омадли деб бўладими?! Юқорида мультфильмларни мулти тарғиботчилар дея тилга олгандим. Болаларимиз учун булар ҳам худдики ”Қирол шер”дек, ”Қизил сайёра”дек қизиқми?! Улар ўз чекидаги эзгу қарашларни бола онгига сингдира оляптими?! Олти ёшли жияним ”Одам ҳам шундай бўладими?!” дейди бир куни хаёлпараст шаҳзода ҳақидаги мултикни кўриб ўтириб. Демак, бурни катта, боши бешакл (геометрияда бундай шакл кўрмаганман) қаҳрамонларимиз хорижнинг ўзга сайёралик махлуқсимон одамларичалик ҳам болаларда ишонч уйғота олмаётган бўлса, улар қандай зиммасидаги юкни кичкинтойларга етказа олади?! Эҳтимол, мультфильмларга жиддий қараш вақти келгандир (тўғри, бизда бу масалага ҳам жиддий қаралади, эртак, афсоналаримизга таянилади, ғоявий пишиқ сценарийлар асосида мультфильмлар яратилади. Лекин, бу, менимча, етарли эмас).


Мултикларни ҳам ўз томошабини бўлишини истасак, демак, мултипликацион фильмлар режиссюраси, рассомлар, компьютерда ишловчи мутахассислар, овоз берувчи кишилардан тортиб алоҳида мусиқий безак, соундтрек ёзилишига ҳам эътибор қаратмоғимиз жоиз. Йўқса, суст менталитет тарғиботи билан ”мулти тарғиботчиларимиз” кераксиз бўлиб қолади. Шу ўринда, энг ачинарлиси, ҳар томонлама пишиқ, юксак дид билан яратилган ”Ватан”, ”Қўрғошин” каби давлат киностудияларида тасвирга олинган фильмлар кўп ўтмай катта экранлардан олинишига сабаб ҳам томошабин йўқлиги эди… Фильмларни кўриб чиндан йиғлайсиз, ўртанасиз, қаҳрамонларга ҳамдард бўлиб, оғриғига шерик бўласиз, озорланасиз. Қисқаси, нимадир оласиз… ”Хонтахта” фильмлар (таърифлаш ножоиз, ўзингиз ҳам биласиз) нинг эса томошабини бисёр. Кулиб-кулиб залдан чиқиб кетасиз, тамом-вассалом ҲЕЧ НИМА  сизнинг шуурингизга эргашмайди. Беҳуда вақтдан ўзга нишон қолмайди сизда. Бироқ, сиз яна ўша фильмларга чипта оласиз. Мана буни чин йўқотиш дейдилар.


                          Қачонгача чет эл фильмлари, мультфильмлари экранларимизни банд этади?! Қачонгача “мулти тарғиботчилар” нинг эътиборга лойиқлари ўзимиздан чиқмайди (фақатгина фестивалларда юқори баҳо олишни ҳисобга олмаганда, чунки фестивал эмас, томошабин баҳоси муҳимроқ, эмасми?! Ёки ярим асрлик тарихи бор “мулти тарғиботчиларимиз” ривожига яна бир аср керакми?!)?! Қачонгача болаларимиз айиқполвони билан саргузаштларга ошиққан Машадан роҳатланади, Репензел, Виктория, Софияларга ҳавас қилади, учқур чет эл шаҳзодалари, уддабурон йигитларидан ўрнак олишга шайланади. Қачонгача...?!

ЖАМИЯТИМИЗДАГИ АЁЛЛАР

TANQID-KELAJAK MEVASI

             Аёлнинг кирк жони бор, кирк киёфаси бор, кирк туяга юк булар макри бор. Унинг килдай нозик кунглини тушуниш учун эса кирк йиллик умр оз. Бугунги жамиятимизда учрайдиган аёлларнинг йигирматаси эътиборимни тортади доимо. Шу топ йигирматаликдан урин олган аёлларнинг жамиятдаги урни мени кизиктиради. Аммо билмайман, эхтимол, Сиз биларсиз...


            20. Уттизга кирмай утин булган деганларидек, мевали дарахт сингари мева тугмаган аёл (эри ёхуд узи айбдор). Кундан кун адо булиб бораётган, бахтини бола беланган бешикнинг гичирларида курган аёл. Кирк жонини шу саодат йулида фидо этишга тайёр аёл. Эридан туйган мехрида хам огрик туйган, такдир тандирида жони куйган, карашлардаги маломатлардан туйган аёл. Кундан кунга турт деворга узини кумаётган, уз кунига узи йиглаб куяётган аёл...


             19. Суймаганига турмушга чикканими, камхарж ота-онасими, эр тукмогига тукнаш келаверганими, нокобил эрнинг савдоларига каршилик килолмагани боисми ота уйга кайтган аёл. Болаликдаги хархашаларнида кутарган ховли энди унинг чин огрикларини уз сахнига сигдира олмайди. Огриклар отасининг кузига, онасининг сузига кучади. Бетин такрор этилган чидам-бардош хакидаги маърузалар унинг нажот калъасини барбод этаверади, вайронага айлантираверади.


              18. Семизликни кутарган куй бу аёлнинг каршисида арконини хам эшолмай колади. Буйни бир кучок, ияклари остида элита парда катимлари, тиллага кумилган фиръавндай такинчокларин куз-куз килаётган аёл. Агар шу такинчоклариним пулласангиз икки хоналик уй куриб оласиз. Шунинг учун хам бир чизик керма кошлари пастламас эканда!


               17. Олий маълумотли, хукукини хам, хукукни хам билгувчи аёл. Давлат орденларига кумилган сари кул остидаги ходимлари каргишларига чумилаётган рахбар аёл. Муассасасига ишга олинган ходим илк маошини рахбарнинг хохишларига мусодара килади. Уч ойлик ёзда уз хохишига биноан ”мажбуран” таътилда хордик олади. Давлат ишидан ташкари эркак тех ходимлар рахбар хонимнинг янги кураётган кошонасида хайрия хашарида фаоллик курсатишга сафарбар этилади. Хукукларни бузиб, хукукни мухофаза килгувчи аёл. 


                 16. Ишлай деса, уйдагилар мажбурлаб эрга беришган, укимаган аёллар. Тикишни билади, аммо тикув машинкаси йук, ишлай деса хужжат, унга мос иш йук. Уйда утирай деса, эр хам уйда паша куримокда. Улар одам, кичик булсада фарзандлари хам одам, бака эмас тутилган пашшани ютгани. Ахир яшаш керак, бола бокиш керак. Кредит олай деса, куйгали хеч вакоси йук, кани тепса тебранмас эрини гаровга куйишни иложи булганда, кредит олармиди…Эхх. Четга кетай деса пули хам йук, кули калта. Жонидан утгач, карз олиб жунайди, аник. Дубайгами, Россиягами, Туркиягами, фарксиз…


                  15. Зайнаб сингари кундошлик огригини дилга тугиб, 25-30 йиллик ёстикдошини ёшгина жувон билан бахам кураётган аёлу 2 ёки 3-хотин булган аёллар. Бойбуванинг малаклари. Мусулмонликда мумкин, дейсизми. Ха… Аммо, уша уч аёлнинг иккитаси ноконунийлигичи. Аёлни йуклик, эркакни туклик бузаркан. Оиладан кутарилган хотиржамлик кимга саодат олиб келади, ахир…


                14. Ночорликми нигорлик йулдан урган аёл. Тунми кунми ”хизмат” даги беминнат ”хизматчи”. ”Сотувчи” нархни келишсангиз тамом. Кулингизга ихтиёрини топширгучи тансотар аёл. Ёшми кари, чиройли ё хунук… буларни кадрини курикламай ибо касрин дарвозасини вайрон килган жувон. Унинг жамиятда урни нечоглик…


                13. Турт йилги олий таълимни тамом этиб, не-не умидларда дипломни кулга олган аёл. Эрининг ”Топганим етмайдими!?” деган ахмокона саволига амр сингари буйсунган уй бекаси. Бир томондан бу холни кораламайман, бирок шу аёл урнида тахсил олганида бошка бир абитуриент эхтимол бугун уша диплом билан уз урнини топармиди?! Шунисига ачинаман. Олий маълумотли уй бекаси… унинг жамиятдаги урни кандай?


                12. Изма кетин турт фарзандни дунёга келтирган, оилавий иммунитет тизимидаги етишмовчиликдан азият чекаётган аёл. Яримжон булиб колган заифа. Кунда касал фарзандларига бокиб кенг дунёга сигмаётган аёлк турт кизи билан угил фарзанд тиланиб, уй эркагидан мурувват истаб келаётган аёлнинг-чи?!


                 11. Бу аёлнинг аёллик хислати колмаган, гапларини эшитсангиз илондай тери ташлайсиз, дейишади. Бу кондуктор аёл автобусига ”кетмайман”, деган одамни хам босиб олиб кетиши мумкин. Агар йулингиз унинг йуналишида булмаса, айбсиз, яхшигина сукиниш хам эшитиб оласиз. Эркакни эркак сифатида курмаган, аёллик нафосатини автобуси гилдираклари остига ташлаган аёл. Ади-бадиларга мезбон булган огзи хар икки гапнинг бирида эркаклар айтишга шарм киладиган гапларни жаврайди. Унинг урничи?!


            10. Акалари бир йигит билан гаплашиб юрганини билиб колгани учун кал килиб ташлаган (гийбатчилар гурунгидан) 14 ёшли киз. Шу ёшида севги садоларидан кулоги коматга келган навнихол. Дарс эмас, келажак эмас турмуш куриш уйлари хаёлини банд этган кизалок. Шу ёшида безаниб, «кийинадиган» моделлар ракобатчиси. Факат моделлардек узокрокка борармикин бу кетишда. Худо билади, ёлгизгина Худо билади.


            9. Хажни куп марта зиёрат килган, оппок румоллари ярашган Хожи она. Зиёратга кетган харажатни коплай деб, жон пишитган аёл. Товар босиб келиб, кариндошигача совга урнида пуллаган, пул чаккан тадбиркор. Эндиги нияти кизларини хам «зиёратга» сафарбар килиш…


             8. Истеъдодли эканига карамай, китоблари мухаррирнинг калами бирла дунё курган, китоби нашр этилгач, ”Нахотки, шуларни мен ёздим”, деб узига ишонмаётган кизпошшаларга хавас билан танловларда чапак чалиб колаётган кизлар. Карз-хавола килиб китоб чикарса хам битта китоб нима хам буларди (танловдаги китобфурушлар сабаб). Шу уйларда шоирлиги куз ёшда намикиб, о-риклардан занг тортаётган киз. Унга урин ололмаётгани алам килмайди, халоли булсин! Унга озор бергани- сифат эмас сон, виждон эмас хамён…


             7. Отасининг дустига 16 ёшида келин булаётган, орзулари ок куйлакка банди килиб узатилаётган ёш киз. Хукук-тартибот идоралари ходимлари тухтатса, «ноилож вазият, иложимиз канча» дея кизи иффатини булгаб, ваъз укиётган хавасманд кудалар. У киз эплармикан… Унинг урни кандай булади…


                  6. Ота-онасининг мавкеи боис порлаб чикаётган «Юлдуз»лар


(Кенг осмонимизни шулар ёритмаса, ким хам ёритарди. Уларнинг ёркинлигидан аллакачон чет эл мусикаси, чет эл фильмлари хаётимда муким булиб колди). Яна уларнинг иштироки хам ота-онасининг улуг «Ном»лари билан тилга олинади. ФАЙЗИ МАМАТОВнинг кизи ЖИНГИЛ МАМАТОВА бош ролда сингари. Килгиликни килган киз булса, унинг ота-онасини исми бу ерда нега керак. Иш ва укишда хам шу улуг сиймолари боис урин эгаллаган кизларчи!!! Булар жамиятимизда кандай уринни банд этишган.


           5. Чет элда 4-5 йилдан буён  ишлаб, болаларининг расмини куриб, телефонда гаплашиб согинчини енгиб келаётган муштипар она. Унинг ягона уйи болаларини, юртини тезрок курса, тезрок кайтса. Лекин, кайтгач нима килади. Яна ишсиз юрадими. Ундан кура болалари ката булиб колгунча пул йигса, шу яхши самара беради. Бу кийинчиликлар хам утади-кетади.


                   4. Якиндагина эстрадамизга кадам куйган ёш хонанда киз. Хали макияж, имидж, Пиар, рекламани билмаган хаваскор. Санъатнинг каттик нонини хазм килиш учун хали бу ёш хонанда клипларда ётогида канча йургалаши керак, ярашган-ярашмаган либосларни кийиб, бесунакай киликларни урганиши керак. Пурмаъно минбарсузларни ёдлаши керак. Ахир, энди у «Заказ» килинган матбуот, ОАВ ларда курина бошлайди.


                  3. ОТМ имтихонларидан утиб, тулов-шартнома асосида укишга кирган камбагалнинг кизи. Тулай деса, пули йук. Хама йул имконсиз. Тайёрланай деса, репетиторлик фаолиятининг энг арзон ойлик курси 50-60 минг сум. Ким тулайди. Укиб яна контрактга тушсачи. Бу йил тулай олмаган, келаси йил, тулайдими. Контракт микдори хам ошаётган булса. Панада, ота-онаси кузидан йирокда аламидан укириб йглаб, уларнинг ёнида магрурона табассум килаётган, хечкиси йук дея тушунётган аклли киз, бахтсиз кизнинг кисмати, жамиятдаги урни кандай булади.


                  2. Тупрокда оёклари ёрилиб, куллари кавариб мехнат килаётган мехнаткаш аёл. Куёшнинг тигида униккан куйлаги, тупрок билан сузлашишга кодир каноати билан мехнатнинг залворли юкларин елкалаётган аёл. Йил буйи пахта далаларида жавлон уриб мавсум сунгида гуза йигаётган, бугдойи хирмон булган даладан сомон тудалаётган кишлок аёли. Тугишни, мехнатни, бола тарбияси, овкат килиш, кир ювишни аёл кисмати билиб, хали ХХI асрни англаб етмаган англасада момолари уктирган аёллик жихатларини тула адо этишга киришган, оила, бола, эр олдида вазифаларин бажариб утиб бораётган аёл…


                 1. Кучада пластмасса, шиша идишлар, когоз макулатура териб юрган аёл. Халол мехнат ортидан оила тебратаётган, боласига нон олиб бораётган аёл. Тугри, Сиз хам мен хам курганмиз уларнинг купчилиги ичувчи аёллар. Аммо ишонасизми йукми билмадиму мен бир аёлни 2-3 марта кузатдим. У ичувчи эмас, ишини сидкидилдан бажаради. 8-9 ёшли бир болакай (угли булса керак) келиб терган «топилма»ларни аравачаларида олиб кетишга кумаклашади. Бу мехнат, уяти йук. Аммо, уша ахлатхоналарда унинг канчадан канча орзулари синган шиша идишлардек чилпарчин булаётгандир.


               Мана менинг хаёлимни банд этган жамиятимиздаги аёлларнинг баъзилари. Уларнинг жамиятимизда урни кандай. Бу аёлларнинг барии тенг хукукли. Аммо уларнинг табакаси турлича. Бири бой, бири камбагал. Бири иродали, бири заифа, бири халол, бири…Бири бахтиёр, бошкаси гамга дучор. Бирининг ошиги олчи, бирининг эса кетмони ун йилдирки учмайди. Аммо хаёт давом этмокда. Хотин-кизлар кумитаси нима киляпти, хайронман. Шу ваш у каби аёлларнинг барчасидан хабардорми, бир бора булсинким, сухбат курганмикин, дардига дарддош булиб, кунглига кул солганмикан. Факатгина таълим, согликни саклаш сингари сохаларда аёлларни учратиш мумкин деб уйлайдими, билмадим. Ишсиз аёллар хам, мушкулоти бехисоб жувонлар хам аёл. Улар хам шу юрт фукароси. Уларнинг хам урни кандай.

ТЕРМИЗ

Yagonasan muqaddas Vatanim, sevgi va sadoqatim senga baxshida, go'zal O'zbekistonim!
Жамият

      25 асрлик ўтмиш, навқирон бугун, нурли келажак соҳиби Термиз. Жаннатмонанд замин Ўзбекистоннинг жанубий дарвозаси. Мардлар шахри, мардона шаҳар. Мозийнинг муаззам лавҳаларига мазмун улашган макон! Ҳар тонг куёш шу заминнинг тафтин қўмсаб ётоғидан бош кўтаради. Кўрку таровати меҳнату меҳмонни жондек суйган, истараси бағридек иссик, меҳри саховати кўнглидек бесарҳад, беҳад эли боис бетакрор, кўркам. 



       


ХАСТА ДИЛНИНГ...

Нафосат гулшани
Шеърият ва адабиёт

Хаста дилнинг хасратлари хатларимга кўчяпти,


Кўчманчи карвонларига чой тутиб қўлим куйган.


Саҳроларга нигоҳ тараб юрак-от чўчияпти,


Кунларидан мадад топмай, ой кутиб йўлим куйган.


 


Боқиб ашкбор назарларга дийдаси қотган кўзлар,


Юрагимга кипригини мўлжаллаб ҳузур қилар.


Ҳув олисда нимадир бор- бағримни эзиб бўзлар,


Бўзловлари якун топмай, жонимга озур қилар...


 


Оҳ, дунёси оҳу янглиғ чопиб юрибди ҳамон,


Туёғининг товушида садо берар сўзларим.


Тамом бўлмас бу кўчимлар, ғамлар бўлмагай тамом,


Қуёшларнинг тиғларида жоним қолар бўз, ғариб...


 


Қарочиқни ғамлар босди, асролмадим ғанимдан,


Ёв-қайғулар талош этди бор қувонч-у омадим.


Не қилайки, хоин топдим, сотқин чиқди танимдан,


Қовурғамни маҳкам тутиб юрагимни қамадим...


 


Олов мисол сўзлар тусаб шошиб қолдим довдираб,


Темирдайин тишларимга урилиб тилим куйган.


Яшаяпман вафолардан умидвор, жим, жовдираб,


Ҳар қадамда ўтга дучор ғамгусор дилим куйган.


 


Хаста дилнинг хасратлари хатларимга кўчяпти...


 


 

Менинг дўстим

Блог им. usdiaman

                Вақт беҳисоб сирларни бекитгани бирла саноқсиз асрорларга ойдинлик киритди. Шошқалоқ шамолдан улги олган сониялар, бизга ҳисоб бермай, сездириб ё сездирмай ўтаётир...Қовурғаларим панасидан ўз кўксига сиғмаётган юрагимга сония сайин бир инсон яқин бўлиб бораётир, қадрли бўлиб бораётир. Кўзим ёшга қонганда ҳам, қувончим борлиғим асир олганда ҳам ёнимда бўлаётган, суянчим ва таянчимга айланиб бораётган ДЎСТИМ!!! Унинг болаларча ҳазиллари, жиддий муаммоларга боис инжиқлиги, қизғанчиқлиги, яхшилигию ёмонлиги, дўстлиги ва ҳаттоки “душман”лигигада кўникиб улгурдим. Дўстлик туйғусини шу бебош сабаб англадим. Мен озор чекканида унданда ортиқроқ оғриқ туйишимни, қувонганида чексиз шодлик топишимни, менга қувлик қилганда кўнглимга олиб, тезда унутишимни ҳам тушуниб етдим. У менинг танқидчим, биринчи тингловчим, маслаҳатгўйим, яқиним… Мен ҳам (лекин, у ижодини ўқиб беришни ёқтирмайди, яширинча ўғирлаб ўқийман, баъзида бекитиқча ўқиб қўяман). Уни 2011 йилда илк бора учратдим, бугун эса орадан қисқа вақт ўтиб у менинг энг яқин дўстим, қадрдонимга айланди. Мен ҳам (эҳтимол).


ТОШТЕМИРБЕК ШОМУРОДОВ!


           Оилада ўзини “хушқадам” ҳисобловчи, севги борасида кўнгли “асал”ларга илҳақ йигит. Жон койитишни, жон оғритишни истамайди, ўқишни, уқишни жини суймайди. Уйқучи, меҳнаткаш йигит, пул совуриш жону дили… Ўз истеъдоди ва иқтидори билан анча мунча мақтовларга, хасадларга сазовор бўлган. Унинг “ерчизиш” қобилиятига раҳбарият ходимлари тасаннолар ўқишган.


ТОШТЕМИР ШОМУРАТОВ!


          Менинг қадрдоним, ягона дўстим!!! Таваллуд кунинг, 20 ёшинг муборак бўлсин!!! Бу ёшларнинг анчагинасини кўргин ва кексайган чоғингда ҳам сенга суяна олай, ИЛОЙИМ!!!

Сукутдаги эртакчи...

Me'moriy yodgorliklar

                     Бола кезларим дарё буйлаб мол бокардим. Сурхондарёнинг гохи сокин, гохи тошкин сувлари кумчил сохилларга сув сепиб окарди. Бир замонлар кенг узанда яйраган дарё энди анчагина чекинган. Эски сохилларда уйчан, муйсафид, халк «Чори гумбаз» дея атайдиган тарихий обида кунглидаги энг улкан сирни айтолмай увадаланиб бормокда гуё. Унинг ёшини ота-онам хам, юздан ошган момом хам билмайди. Чори гумбаз ораси унча узок булмаган 4 та бинодан иборат иморатлар мажмуи. Демак, туртта мухташам гумбазлар хам булган. Асл холидан асар хам колмаган бу обиданинг бетакрор меъморий ечимга эга булганлиги унинг жойлашиши ва хозирги махобатидан сезилади. Таассуфки, У хакда хеч бир энциклопедияю тарихий обидаларга оид манбадан  маълумот топа олмадим. Билганим ва менга маълум булгани унинг номи холос. Чори гумбаз. Хар йулим тушганда зимдан кузатиб утаман. Хали хануз болалар теграсида мол бокишади. Шу ерда истикомат килгучилар эса атрофини супуриб сидиришади, покиза тутишади, авайлашади. У эса кута-кута кади чуккан инсон янглиг кундан кунга заминга тиз чукиб бормокда. Бухоро ва Тожикистоннинг Сугд вилоятида Чори гумбаз номи билан боглик обидалар мавжуд. Эхтимол, бизнинг осори атикамиз хам ушбу обидалар билан тенгдош, балки улардан кексарок. Мен эса болалигим утган, уша тарихга кизикиш уйготган Чори гумбазнинг асроридан вокиф булишни истайман. Эхтимол у дарё буйидаги шахар дарвозасидир, бандаргохдир эхтимол. Бу уйларга ким ва качон ойдинлик киритади билмадим. Аммо, унинг асрлардан катта ёшга эгалиги аник. Ер билан коришиб кетмасидан тарихчиларимиз уни урганишни бошлашса, нур балкирмиди унинг куйнида. Янги хакикатлар ёруг ажун юзини курармиди?! Термиз яна бир тарих иштиёкмандларини узига жалб этган тарихий обидага бойирмиди?! Курилганига 20 йил булган биносини шунчалик гузал таъриф этаётган дунёнинг айрим шахарлари Термизнинг кадим хикояларини тинглашга муяссар булармиди?! Кувонч ва жушкинлик шахри, мардлар шахри Термиз хали уз мозий сирлари билан уртоклашмагани Чори гумбаз мисолида равшан булади. Тарихимздан миллий гурур туйиб, осори атикаларимизни куз корачигимиздай асраб авайлаб келажак авлодга етказмогимиз жоиз.


                                               Афгон шамоллари кузларига кум сочган, ёмгирлари юзларин ювган, кор остида мунгайиб колган, офтоб нурларида тани ёришиб кунгли ёришмаётган Чори гумбаз хали-хануз сукутда, уз тингловчисин кутаётган эртакчи мисол сукутда…

ПАЙНЕТ ОРКАЛИ "САДАКА"

TANQID-KELAJAK MEVASI

-Йук, сиз тушунмаяпсиз!!! Бу чек хира. Базур укилаяпти. Менку укийман. Тошкентга сканер килиб ташласам, укишолмайди. Хира бу?!


                                               -Нима энди 30,000 сум пул шундай бошкага утиб кетаверадими?!


                                               -Россиядан ташланган булса, ё сканер килиб чекни ташласин ё булмасам, офисга учрашсин узлари…


                                               -Уч кундан бери келиб кетаман. Келиб кетганимга шу пул чикиб кетяпти. Бир аник гап айтинг.


                                               -Эртага паспорт нусхасини олиб келинг.


                                               -кеча сурамадингизку?!


                                               -Энди шундай конун чикди. Бошкатдан суратини ташласин чекни айтинг…


Кетяпмизу ортимиздан бир гапни тушунмайди деган идора ходимининг гунгиллашлари келиб турарди…


 


            Турт кун аввал дустимга деб унинг ракамига ухшаш ракамга Россиядан опаси адашиб пайнет килибди. 31,300 сумга тугри келадиган маблаг бошка ракамда. Бу сийловдан сийланган ухшаш ракам сохиби эса «Тулайман, ташлаб бераман» сингари ваъдаларни эхтимол автожавобда колдирганки, такрорланаверади. Ноилож компания хузурида шу муаммо ечимин истаб пайдо булган дустим хар кун нимадир кичик бахонадан 3-4 соатлик вактини бехуда утказади. «Сурат хира, паспорт эгаси келсин, чекни асли булиши керак» ва идора ходимларининг бисотидаги бор бахоналар. Бу каби рад этишлар унинг ишини пайсалга солмокда. Опасининг эса уша ердан сканер килиши тахминан 20,000 сумга тушишини эшитиб, суратини интернет тармоги оркали олгандик. Улар эса суратдан коникишмади.


                                               Оператор билан богланишларимиз хам ушандай тушунтиришлар боис жуда кизгин сухбатларга богланмокда. Айтолмаяптики, биз ташлаб беролмаймиз ва ёки воз кечинг, узбекона килиб саадака килиб юборинг ёхуд деб…Эртага яна бориши керак. Хохиш хам колмади хатто. Воз кечди, купчиликка тан берди.


                                               Тезкор замонда масъулиятли уяли алока компанияси ходимлари бир муаммони хал этиша олмаяпти, ёки хохлашмаяпти. Ариза ташлаганини узи киска ракамлар оркали богланиб айтгандагина базасига караб билан ходимларни яна нима дейиш мумкин. Дустим бу уринда узини кийнаб утирмай, барча гапларини диктофонга ёзиб олиб хамма ходимларга куйиб эшиттирса, бари эшитадию битта хам натижа булмаяпти, дустим хам чарчамасдида. Хар куни офиснинг камида 3 та ходимига вазиятни тушунтириш, киска ракамларда бириктирилган операторларга тушунтириш узи буладими?!


                                               Офиснинг ката деворий стендида: «Биз Сизни бажонудил эшитамиз!» дея ёзиб куйишибди. Мен хам, дустим хам амин булдик. Хакикатан, улар бажонудил эшитади, куйнингизга пуч ёнгокларни тулдириб эшитишади. Натижадан эса дарак йук. На бир кунда хал килиб беради, на бу ишни хал булмаслигини айтишади. Тингловчилар труппасини тузган компания манзилини уз йулини унутмайдиган болари сингари хар кун зиёрат киламиз. Узогимизни якин килаётган уяли алока компаниясидан мингдан минг миннатдормиз. Бирок, манна шу биргина ракам адашув ва уни хал булишидан килинаётган умид дустимнинг телефонидаги 3 долларга якин маблаг(тахминан 6900 сум), 3 кунлик бориб келишларга сарф этилган 15600 (тумандан шахар марказигача) каби яна сканер, ксерокс ва шунга ухшаш кичик хизматларга пул сарфлаётганини хисобладиму уйга ботдим. 31300 сумни уз хисобига утказиш учун деярли шунча маблагни сарфлаб юбордику. Ундан кура шу пулни пайнет килса буларди, воз кечса буларди. Аммо….


                                               Иложи булса хеч качон пайнетда адашманг, агарда адашсангиз воз кечиб юборинг. Барибир ундан кура 2 баробар reg маблаг сарфлайсиз. Сув балосидан, ут балосидан, тухмат балосидан асра дейди халкимиз. Хукук тартибот идораларига, согликни саклаш даргохларига, шу кабилару яна муаммоларга ечим истаб алока компанияси офисларига ишингиз тушмасин… Илойим!