avatar
Куч
314.32
Рейтинг
+120.31

Usmonov Dishrux Amanovich

Мақолалар

Kel, ketamiz...

Блог им. usdiaman

Кел, кетамиз, юрак, ҳисларингни йиғ,


қўшни болачадан меҳрингни сўра.


Кўчаларда қолган ширин болалик


соғинчини жойла юкингга, юрак!


 


Севгингни авайлаб ўра дилимга,


Қара, ҳеч биттаси қолиб кетмасин,


Сайримиз етади етти иқлимга,


Сиғдираман жонга ҳислар мингтасин...


 


Кел, юрак, шошақол, шошгин, тезроқ бўл,


Орзулар поезди етиб келгандир.


Дуо беринг энди, ота, очинг қўл,


онажон, кузатинг, кутади тандир...


 


учгудай бўляпман, кетяпмиз юрак


хотиралар бўзлаб қолди қонбағир.


Ўзи менга дунда асли не керак


Қимматли кишилар уйдаку ахир!!!

O'ylarim...

Блог им. usdiaman

Йўлдаман… Пўлат излар манзилимга элтади. Болалик онларим темир йўлда югуришни ёқтирардим. Узоқдан келаётган поездни кўргач, четлашиб, уни ўтиб кетишини кутардим… Унинг икки қатор изда силкиниб силкиниб, шиддат билан ўтиб кетишими, манзилига шошаётган йўловчиларнинг поездни кузатиб турган болаларга қўл силкишими мени завқлантирарди. Ҳозир мен йўловчи… Тамбурда ойнадан атрофни кузатяпман. Тонг ёришганига ҳам ҳеч қанча бўлмади. Ҳали юз ювишга улгурмаган, ҳар куни, эҳтимол, ўнлаб поезд карвонини кўрадиган болакай ҳовлиси адоғида бизга қўл силкимоқда. Балки, у ҳам шу йўлларда ўтар поездлар шиддатига боқиб, тезроқ улғайишни истаётгандир.

O'ylarim...

Блог им. usdiaman

8:10 Қарғалар овози… Фавворалар товуши… Шамолда шитирлаётган хазонлар… Мендан унча узоқ бўлмаган ўриндиқда, чиқиллаб турган соатига тез-тез қараб турган қиз… БОҒ...


8  20 Қарғалар учмоқда… Дарахтлар ортидан фавворанинг жон-жаҳди билан осмонга отилиши кўринмоқда… Ерни қоплаётган ҳазин хазонлар… Ва ўша, одамлар ўтишидан хижолат, ердан кўз узмаётган қиз… Тонгдан келган икки меҳмонига пешвоз чиқишга шошилаётган мезбон паришон БОҒ...


8 30 Ёнғоқ билан нонушта қилишни дилига тугган қарғалар… Сабо билан томчилари ўйнашаётган фаввора...Ҳозиргина иш бошлаган, боғни тозалашни истаган опанинг супургисидан қочаётган хазонлар саси… Телефонини олиб, ўзи сезиб ё сезмай термулиб қолган қиз… Машиналар ғиз ғизи, фаввора товуши, қушлар чуғури, хазонлар шитирига чўмган шовқинли БОҒ...


8 40 Дарахт шохида қўниб турган қарға… Ҳали ҳам ўйнаётган ўйноқи фаввора… Йўлакларда уюмга айланаётган ва яна тўкилишда давом этаётган хазонлар… Кутиб-кутиб ўз сирига асир қиздан қолган бўш ўриндиқ… Ва мен қолган БОҒ...

Baxtning rangi...

Блог им. usdiaman

Бахтнинг ранги...


         Бахтсизликнинг ранги қора эмиш. Туннинг қоралиги айби эмас, юлдузларнинг жилоси учун яратилган мўъжиза асли. Кўзларимизнинг қорачиғи қародир, аммо дунёни бор камалак рангида кўра олади. Балки, биз адашгандирмиз, бахтсизликнинг рангини қора деб… Унда бахтнинг ранги қандай!?


         Юрагимиз тубига чўмган ўйлар ранги қандай? Киприкларимиз соясидан сизга тикилган кўзларимизчи?.. Билмадим, бахтнинг ранги қандай? Эҳтимол гумон, аниқлик ишонч. Бу дунёда эзгулик борлигига бўлган ишончимиз эътиқод билан мустаҳкамланади. Эътиқод инсонларнинг маънавий қиёфасини белгилайди. Ва эътиқодимиз эркин, юрагимизга боғлиқ, ҳаётимиз учун асос бўлган ҳаётий қарашларимиз бизнинг ҳар олган нафасимизга ҳамроҳ. Маънавий ҳаётимизни эзгуликка лим этар диний бағрикенглик турфа элат ва турли дин вакилларини бир манзилда аҳил яшашига асос.


         Меҳри лим халқимиз Кимга бўлмасин фақат эзгулик тилайди. Доимо, ҳамиша, ҳар он. Улар кичик ютуқдан ҳам осмон қадар шодланади, зарра озордан тоғ каби чўкади. Шунинг учундир эҳтимол фарзанд учун яшайди, болам дея куйинади. Аммо боласининг онгига турли қарашларни сингдиришга ҳаракат қилаётган хавф теграсида мужассамлигини гоҳ сезади, гоҳи эса йўқ. Тиш қайраб турган зулумот вакиллари эзгулик тарафдори динни ниқоб қилади, бу эса дилида отаси эътиқодига, онаси дуогўйлигига ҳавасда униб келаётганҳали динни тўла англамаган ёшни заҳарлаши мумкин. Эҳтимол аниқ. Динни ниқоб қилиб, тинч ҳаётимиз, осуда тунларимизга даҳл қилаётган инсон деган номга номуносиблар, гуноҳин елкалаб, ёш онгни заҳарлаб, ҳаётини тубсиз жарлик томон ирғитмоқда… Жим қараб бўлмайди. Юрак типирчилар бу хавф жимгина оҳиста ишончимиз томон одимлар онда, эътиқодимизга раҳна солиб, ўзи томон оғдирмоқ истаган лаҳза. Ким жим тура олар тинчлигига, ўз фарзанди бахтига хатар солаётган шу иллатлар қаршисида. Ким?! Айтинг, ўша он бахтнинг ранги тугул унинг митти заррасини ҳам ҳис эта олмаймизку?! Нима қилиш керак?.. Бу савол ҳар он фақат ўзимизга айтилмоғи жоиз, зеро, ҳар биримиз ўзлигимизда бу саволларга жавоб топар эканмиз, муаммолар ҳам ўз ечимига етиша олади.


         Бахтнинг ранги қора, бахтсизликнимас. Ахир, оқ сочларга етиш аввали қаро сочлар ҳамроҳимиз, ойдин кунларимиз давоми қоронғу тунлар ва албат тонгимизга элтгучи ором олинган фурсат ҳам қаро! Эҳтимол, мен адашдим, эҳтимол мен танлаган ранг янглиш, бироқ бахтнинг ранги турфа, у ҳеч қачон бир хил бўлмаган. Бугун қора рангда тасаввур этганимиз бахт эрта учун алвондир, балки....

ADABIYOT VA ADABI YOTLIK

TANQID-KELAJAK MEVASI

Адабиёт ва адаби ётлик


 


              Адабиёт қурбонлик сўрамайди. У кўнгил иши. Унга ҳамнафас инсоннинг умри зиёга тўлади, бироқ адабиётга ихлосманд эмас, эҳтиёжманд бўлмоғимиз даркор. Зеро, унинг қудрати атомдан кучли. Филология фанлари номзоди Нўъмон Раҳимжонов шеъриятнинг ҳам барча динлар сингари одамлар онги-шуурини, руҳониятини поклашини таъкидлаши, гапнинг хонаси келганда айтиш жоизки, адабиёт эзгуликка ҳамроҳ эта олишининг изоҳи бўла олади. Замон шиддати, ҳаёт завқи ўтмишдан фарқли. Навоий даврида истеъдодли болалар ўз зеҳни, теран қарашлари билан ёши улуғлар ҳавасига сабабчи бўлган бўлсалар, бугун болаларнинг китоблардан олислиги, кундан кун компьютер ўйинларига мукка тушишлари катталар “ҳайрат”ига туртки бўлмоқда. “Оразин ёпғоч, кўзумдин сочилур ҳар лаҳза ёш...” ва ёки ёд бўлиб кетган “Мантиқ ут-тайр” асарига боғлиқ ривоятларни эсларканмиз, адабиётга ташналик, китобсеварлик фозил инсонни тарбиялашига амин бўламиз. Болажонларнинг турли хил жанжалли, қонсираган ўйинлар билан улғайиб бораётганлигини кўриб, тўла ишонч билан айтингчи, улар меҳрибон ва оқил бўлиб вояга етишларига кўзингиз етадими?! Эҳтимол, бадгумонлик иллати ва ёки ўз фикримни маъқуллаш истагида худбинларча “ЙЎҚ” деяётгандирман, бироқ сизнинг ҳам фикримни қўллашингизга ишонаман.  Балки, эътироз билдирарсиз, балки ўқишли китоб талабида савол назари билан боқарсиз. Балки… бироқ, менинг фикри ожизимча, адабиётимиз ҳасса таяниб қолган эмас. Kлассик дурдоналар қаторида бугун ҳам олам нурига пешвоз чиқаётган ўтнафас асарлар мавжуд. Фақат рўзғор аталмиш ғор тубига интилмай, теграмизга нигоҳ солсак кифоя. Баъзан қишлоқларимиз борлиги таскин беради ушбу серсавол юрагимнинг сўроқларига. Бу масканлар ҳали-ҳануз кўкдай кенг, булоқлардай шаффоф, тоғлардай виқорли чинакам санъатни яратмоқда. Ҳамон сокинлиги далалардек ястанган қишлоқларда бўш вақтдан меҳнат учун ажратилган вақти кўп оилада униб ўсган, табиатни, “жонли олам”ни телевизорда эмас, ўз кўзлари билан кўришган ёш истеъдодлар бор. Шунинг учундир уларнинг шеърларидаги ўхшатмалар самимий. Ва аксинча шаҳарлик уларнинг тенгдошлари юрагида адабиёт учқуни бўла туриб, назм ва насрда эмас, ўсмирлар шевасидаги бачкана сўзларни кашф этишга уринмоқда. Аслида шаҳар қишлоқда туғилган шеъриятни вояга етказади деган ақида мавжуд. Аммо тенгдош истеъдодларимни кузата туриб, соат-сайин қишлоғидек шеъриятни, адабиётни қўмсашини кўриб, шаҳар гирдоб бўлиб кўринмоқда норасида кўзларимга. У барчани ўз домига тортаверади, тортаверади. Тирик қолгани адабиётга доҳил, йўқса компьютер ўйинларини китобдан афзал билган болалардек, ҳиссиз, шовқинкор шаҳардек адаби ётликка маҳкум....


                                                        

Дорилфунунми-Аҳли жунунми?!

TANQID-KELAJAK MEVASI

             Тонг отди. Асабга ўйновчи чинқириғи билан уйғотгич биз кеча режа қилган вақт-бешдан адашмай, бир сония ҳам кечикмай уйғонишга мажбур қилмоқда. Ўчирамизу яна кўзларимизни юмамиз… Чунки биз ўзимиз яратган режага ўзимиз унчалик ҳам амал қилмаймиз. Бу ҳол тонгдан бошланади ва кун узоғи давом этади.


            Биз ёшмиз. Куч-қувват, уйғоқ фикрга эга лаҳзамиз барча муҳокамада мулоҳаза юрита оламиз (агарда ўқиб уққан бўлсак). «Авесто»нинг уч тамойили бор:


«Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал». Буларнинг асоси қайсидир маънода эзгу фикрдир. Зеро, эзгулик онгу шууримизда шаклланар экан, сўзимизда ҳам, амалимизда ҳам эзгулик ҳукмрон бўлади. Бу сўзларга муносабат билдираркансиз, ё тасдиқлайсиз, ё инкор этасиз.


            ТерДУда «Гумата» клуби фаолият юритади. Ҳар душанба бахскор ёшлар тўпланишиб, ўзаро фикр алмашишади. Талаб этилгани эса-ўзаро ҳурмат, мақсад-фикр эркинлигидир. Бунга ҳамма: талаба-ёшлар, меҳмонлар ва назоратчи ўқитувчилар ҳам амал қилмоғи зарур (Эшитишимча, шундай эди).


            Мен ҳам дўстларим таклифига биноан бир клуб машғулотида иштирок этдим. Мавзу танланган: «Миграция: ресурсми ва ёки….?»  Tасдиқ томон ва инкор томон таркиб топган. Ўз фикрларини оқлаб, фактлар, цитаталар келтиришмоқда. Ниманидир тасдиқлаб, ниманидир инкор этишмоқда. Бир-бирларининг фикрларини бошқа далиллар билан йўққа чиқаришмоқда. Қойил-э! Сўзга чечан тарафлар… Фақатгина бу тезкорлик (эҳтимол, белгиланган қисқа вақтда улгуриш учундир) сўзларни бир-бирига айқаш-уйқаш қилмоқдаки, менга тушуниш учун яна шунча вақт керакдай туюлди. Балки, шудир глобаллашув жараёнидаги жадаллашув, тезкорлик. Ортидан чалинган қарсаклар юзимга «Уйғон» деган каби тарсаки тортгандай бўлди. Миямда айланаётган фикрлар муҳокамаси шунчалар жадаллашдики, залдагилар ўз фикрини изоҳлаб бўлибди ҳамки, сезмабман. Минг бир истиҳола билан қўл кўтардим. Рухсатдан сўнг, ўзимни таништирдиму гапнинг индаллосига ўтдим. Мени қийнаётган саволдан бошладим: «Нега томонлар: тасдиқ ва инкор?, Улар нимани тасдиқ қилиши мумкин? Мавзу «Шукур Холмирзаевнинг «Ўзбеклар» ҳикоясида ижобий хислатлар кўпроқми ва ёки салбий». Бунга қандай тасдиқ, қандай инкор фикр бериш мумкин. Томонлар атиги иккита. Савол эса камида тўртта томонга етади. 1-томон Шукур Холмирзаевнинг «Ўзбеклар» ҳикоясида ижобий хислатлар кўпроқ,- дея тасдиқлашса, 2-томон буни инкор этади. 3-томон салбий хислатлар кўпроқ деса, 4- томон айнан шу фикрга қарши чиқади. Шундаймасми?! Аслида, тасдиқ ва инкор сўзлар ўзбек тилшунослигида шундай изоҳ топмайдими: «Ҳа, хўп, майли сингари сўзлар тасдиқ сўзлар; йўқ, мутлақо сингари сўзлар инкор сўзлар саналади. Бундай сўзлар диалогик нутқда –ми сўроқ юкламаси билан ифодаланган сўроқ гапларнинг жавоби бўлиб келади». Қани энди шу юқоридаги саволга ҳа, майли, йўқ ва ёки мутлақо  деб жавоб бериб кўрингчи? Фикрингизни ифода эта олмайсиз». Жавоб ўрнида шошқалоқ йигитнинг: «Биз ҳам она тили ўқиганмиз, шунчадан бери шундайку! (Эээ дея қўл силтади, гўёки нимани ҳам билардинг дегандек…) Нима, бўлдими?! Бундан кейин «Ижобий томон» ва «Салбий томон» деб номлаймиз томонларни. Кўнглингиз тўлдими?» Залда кулгу…Яна бир кўзойнакли талаба, обрўси баланд, шекилли, бир сўз билан фикримга қарши чиқди: «Ҳаммаси тўғри тузилган. Ўзгартиш шартмас!!!»


            -Қанақасига тўғри?! Бирдан миямга-ю тилимга шу сўз отилди.


            -Суҳбатингизни кўчада давом эттирасизлар! –дея ўқитувчи аралашди. Фан ўқитувчисининг бу бахсни «суҳбат» дея изоҳлашининг ўзиёқ, «ўзаро ҳурмат»нинг бу ерда қанчалик устивор эканлигини исботлади-қўйди. Менга ўша ўқитувчи савол берди:


            -Менга қаранг, тасаввур қилинг, сиз қишлоқдансиз. Касбингиз бўйича чет элдан катта пулга таклиф тушди. Кетиб юборардиз, шундаймасми?!


            -Йўқ, мен кетмасдим…


            -Эээ, чин дилдан гапиринг, дея гапимни бўғзимда қолдирган олий маълумотли педагог ҳали шубҳа билан фикрларни ҳурмат қиладими?! Аслида, асабийроқман, бирдан ловулладим:


            -Мени тўла биласизми ёки мени пул учун у ёқдан бу ёққа чопиб юрганимни кўрганмидингиз, чин дилдан гапиринг, дейсиз. Худди ўзимни шантаж қилаётгандай ҳис қилдим, менга ёмон таъсир қилганини, овозим қалтираб чиққанини сездим…-Демак, Сиз пул кўпроқ ишлаш учун кетиб юборар экансизда, ҳаммамиз кетаверсак, ўша қишлоқни ким кўтаради. Сиздан таълим-тарбия олган талабалар шу руҳда бўлса, аниқ, чет элма чет эл пул излаб юраркан,-дедим. Кўзимга ҳеч нарса кўринмади, асабийлашаётганим яққол сезилиб турарди…


            Клубдаги эзгу анъаналардан яна бири кейинги бахс мавзуси учун томошабин ёшлардандан фикр сўрашидир. Менга ҳам тўғри келганда кўз югуртириб мавзулар турфалигидан, ёшларнинг қизиқишлари камол топаётганидан қувондим. Бироқ, экранда эса ўша мавзулардан асар ҳам йўқ эди. Импровизацияни қаранг, тезкорликни қаранг (эҳтимол, бу кейинги машғулот учундир, -дерсиз. Мен ҳам шу ўй билан кейингисида қатнашдим. Ва йўқ, ўша жавоб-ЙЎҚ). Hега керак бундай кўзбўямачилик, фикр сўраб, қулоқларни бекитишу кўз юмишлик нимага керак?! 


            Эски ҳаммом, эски тос. Бу клубда ҳеч нарса ўзгармади. Ҳали-ҳануз ғолиб томонни қарсакловчи оломон-ёшлар-у фақат ўз позициясини ҳимоя қилиш учун ўзидан, ўзлигидан кечишга тайёр иштирокчилар. Уларнинг ҳар бири муҳокамадан сўнг, эзгу фикр билан эмас, ғалаба учун ёниб-куйган тарафларни гапириш билан уйларига йўл олади. Менинг эса ўша кунги воқеаларни унутгим келаверар, бироқ ачиниб кетаман бекорга кетаётган шунча вақтга. Барибир, сизнинг фикрингиз клуб жилови қўлида турганлар олдида аҳамиятсиз бўлса, нимага керак, уларнинг ўзи амал қилмайдиган шиорларига амал қилиб…